Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус Хитойда янги турдаги коронавирус билан касалланганлар сони барқарор равишда камайгани ва ҳар куни бир хил даражада турганини маълум қилди. Тедрос Гебрейесусга кўра, Хитойдан ташқарида қайд этилган 48 та ҳолатнинг 40 таси Япониядаги Diamond Princess саёҳат кемаси ҳисобига тўғри келмоқда. Бу яхши хабар!

Хитой короновируси

Янги турдаги коронавирус ўчоғи ҳисобланган Хитойнинг Хубэй провинциясида сўнгги бир сутка давомида COVID-19 инфекцияси асоратларидан 242 киши вафот этди, деб хабар берди Хитой ҳудудий гигиена ва соғлиқни сақлаш қўмитаси. Умумий ҳисобда провинцияда 1310 та ўлим ҳолати қайд этилган. Коронавирус инфекцияси билан бир сутка ичида Хубэйда 14 840 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган. 13 февраль тонги ҳолатига кўра, COVID-19 инфекцияси билан касалланган жами 48 206 кишини рўйхатга олинган. Эпидемия бошланганидан бери 3 441 нафар бемор даволаниб, уйига жавоб берилган — сўнгги бир сутка давомида даволаниб бўлганлар сони 802 кишига кўпайган. Ҳозирда 33 693 киши ҳали ҳам даволанишда қолмоқда, улардан 5 647 нафарининг аҳволи жуда оғир.

Фото: Reuters

Хитойнинг Хубэй провинциясида коронавирусдан ҳалок бўлганлар ва юқтирганлар сони кескин ошиб кетиши эндиликда ушбу инфекцияни юқтирганларнинг умумий сонига янги тасниф бўйича ташхис қўйилганлар ҳам киритилиши билан изоҳланади.

Беморлар сони билан боғлиқ статистикадаги кескин ўсиш касаллик бўйича ташхис қўйиш методикасининг ўзгариши билан боғлиқ. Бундан буён касалланган беморлар сони фақат компьютер томографияси маълумотлари асосида, бошқа текширувлар натижаларини кутмасдан туриб киритиб борилади.

Шифокорларнинг таъкидлашича, бу беморларни касалликнинг эрта босқичида даволаб бориш имконини беради. Маълумот учун, Хитой бўйича касалланганлар сони салкам 60 минг кишига етган, қурбонлар сони 1,3 минг кишидан ошиб кетган. 5,6 мингдан зиёд бемор эса касалликдан тузалишга муваффақ бўлган.

Хитойнинг Ухань шаҳрига яна 2600 нафар тиббиёт ходими юборилди. Бу қарорни Хитой раиси ва мамлакат марказий ҳарбий кенгаши раҳбари Си Цзиньпин қўллаб-қувватлаган. Шифокор ва санитарлар беморларни даволаш чора-тадбирларини ташкил этиш билан шуғулланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус Женевада ўтказилган брифинг давомида сўнгги ҳафтада Хитойда янги турдаги коронавирус билан касалланганлар сони барқарор равишда камайгани ва ҳар куни бир хил даражада турганини маълум қилди«Бироқ бу маълумотларни жуда эҳтиёткорлик билан талқин қилиш керак», — дейилади ЖССТ расмий сайтида. Гебрейесуснинг сўзларига кўра, келажакда касалликнинг ривожланиши статистикани ҳам яхши, ҳам ёмон тарафга ўзгартириб юбориши мумкин.

Фото: Reuters

Гонконг расмийлари коронавирус канализация қувурлари орқали ҳам тарқалиши мумкинлигини тахмин қилди. Ушбу тахмин Хитойга сафар қилмаган ва беморлар билан мулоқотда бўлмаган аёл коронавирусни юқтириб олганидан сўнг пайдо бўлган. Қайд этилишича, бир ҳафта аввал аёлнинг 75 ёшли қўшниси COVID-19 вируси билан шифохонага ётқизилган. Аёл бу қўшниси билан ҳеч кўришмаган, аммо уларнинг хонадонлари умумий канализация қувури билан бир-бирига уланган бўлган.

Шунингдек, Гонконг ҳукумати коронавирус тарқалиши сабабли мактаб таътилини 16 мартгача узайтиришга қарор қилди.

Японияда карантинга олинган Diamond Princess саёҳат кемасида коронавирусни юқтирган йўловчилар сони 44 нафарга кўпайиб, 218 кишига етди. Коронавирусни юқтирганларнинг 43 нафари йўловчилар, бир нафари эса экипаж аъзоси.  Аввалроқ кемадаги коронавирусни юқтирганлар сони 174 кишига етгани ҳақида хабар берилган эди.

Лондон шаҳрида COVID-19 коронавируси билан касалланган биринчи бемор қайд этилди. Аввалроқ Бавария Соғлиқни сақлаш вазирлиги Германияда коронавирусни юқтирганлар сони 16 кишига етгани ҳақида хабар берганди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош ижрочи директори Сумия Сваминатан COVID-19 коронавирусига қарши вакциналарни инсонда синовдан ўтказиш тўрт-беш ойдан сўнг бошланишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда янги вирусга қарши бир нечта вакцина яратилмоқда. «Улардан бири синов учун тахминан тўрт ёки беш ойдан сўнг танлаб олинади», — дейди Сваминатан.

Жаҳон мобил конгресси (Mobile World Congress, MWC) ташкилотчиси ҳисобланган GSMA ассоциацияси февраль ойида ўтказилиши режалаштирилган тадбир бекор қилинганини маълум қилдиКўргазманинг бекор қилинишига Хитойда тарқалган коронавирус эпидемияси сабаб бўлди.

Ўзбекистонда эпидемиологик ҳолат юз берганда дори воситаларининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилмасдан олиб кирилишига рухсат берилиши мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, бу ҳақда қонун лойиҳасига тегишли ўзгартириш киритилди ва депутатлар томонидан биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги вирусология лабораториясида 12 февраль кунигача 834 та намуна коронавирус инфекциясига текширилиб, ушбу намуналарда коронавирус инфекцияси топилмаганини маълум қилди.

Бошқа янгиликлар ҳам борми? Бор!

Сирдарёда 750 долларга дрон сотмоқчи бўлган шахсга жиноий иш қўзғатилдиДеновда жуда кўп миқдордаги алкогол маҳсулотларини талон-торож қилиш ҳолати фош этилдиҚозоғистонда 20 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус совуқда қолиб кетгани юзасидан расмий маълумот берилди. Тошкент ва яна 2 та вилоятда режадан ташқари қизамиққа қарши эмлаш кунлари ўтказилмоқдаЎзбекистонда 5 та янги авиакомпания қандай ташкил этилиши маълум қилинди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига Россиядан тўртта Мi-35М вертолётлари олиб келинди. Uzbekistan Airways эса ўз ходимларининг формасини 15 йил деганда биринчи марта ўзгартирди (расмлари мана бу ерда).

Тошкент шаҳар божхона тизимида 10 нафар раҳбар ходим ишдан олинди, Тошкент вилоятида ички ишлар тизимида эса икки раҳбар ходим ишдан бўшатилди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати

Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги Бўрижар каналида номаълум аёлнинг жасади топилди. Тошкент шаҳар прокуратураси мазкур ҳолат бўйича «Дарё»га берган маълумотига кўра, уч кун аввал аёлнинг акаси онкологик касалликдан вафот этгани ва аёл бундан сиқилиб юргани аниқланган. Аёлнинг ўзи 2019 йилнинг сентябрь ойида Россия ва Ҳиндистонга бориб, онкологик касаллик бўйича даволаниб келган.

Аҳмадбой ва унинг жияни иқрорлари. Аҳмадбой «Бу ўйинга кирганингиздан кейин чиқолмайсиз, бу қийин нарса», — деса, унинг жияни прокурорларни «100 миллиард сўм пулни йўқ қилиш»да айблади. Иқрорлар видеоси мана бу ерда.

Фото: «Дарё»

«Ўзгидромет» 14 февралда кутилаётган об-ҳаво маълумотини эълон қилди. Республикада об-ҳаво ёғингарчиликсиз, бироқ туманли бўлиши кутилмоқда.

Жаҳонда нима гап?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Конго демократик республикаси Эбола безгаги авж олгани муносабати бу касаллик билан боғлиқ фавқулодда ҳолатни узайтирдиКасаллик оммавий тарқалиши билан боғлиқ охирги ҳолат 2018 йил августида қайд этилганди. Шундан бери Конгонинг исёнчи гуруҳлари фаолият олиб борадиган шарқий қисмида 2,3 мингдан ортиқ одам ўлди.

Фото: АP

Нурсултон Назарбоевнинг невараси Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўради. У Россия ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасидаги коррупция ва халқдан ўғирланган миллиардлаб долларлар ҳақидаги маълумотга эгалигини билдирган.

Миграция сабабли Туркманистон қишлоқларида фақат кексалар ва мактаб ўқувчилари қолмоқда. Меҳнатга лаёқатли аҳоли вакиллари эса пул топиш уч чет элга, асосан, Туркияга кетган.

12 февраль, чоршанба куни, кечаси Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакат миллий хавфсизлик вазири, генерал-майор Яйлим Бердиевни «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фото: «Хроника Туркменистана»

Тадқиқотчилар «жуда бой» одамлар қаторига бойлиги 5 миллиондан 30 миллион долларгача бўлган одамларни киритиб, уларнинг сонини маълум қилди. Хабарда айтилишича, уларнинг сони 10 фоизга ошган.

Дунёнинг энг бадавлат кишиси Жефф Безос Беверли-Хиллздан 165 миллион долларлик ҳашаматли уй сотиб олди. Маълум қилинишича, бу Лос-Анжелес учун рекорд даражадаги олди-сотди битими ҳисобланади.

НАТО давлатлари мудофаа вазирлари Ироқдаги миссияни кучайтириш ҳақида келишиб олди. НАТО Ироқдан контингентининг бир қисмини январь ойи бошида, АҚШ авиазарбаси оқибатида Бағдодда эронлик генерал Қосим Сулаймоний ҳалок бўлганидан сўнг олиб чиққанди.

Фото: Global Look Press

Японияда яшовчи Титэцу Ватанабэ кекса инсонлар орасида энг узоқ умр кўраётган эркак сифатида эътироф қилинди. Отахон журналистлар билан суҳбатда узоқ яшаш сирларини ошкор қилди. У кўпроқ табассум қилиш ва бўлар-бўлмас нарсага асабийлашмаслик зарурлигини таъкидлади.