Гонконг ҳукумати коронавирус тарқалиши сабабли мактаб таътилини 16 мартгача узайтиришга қарор қилди. «РИА Новости»нинг хабар беришича, бу ҳақда Таълим масалалари бўйича Гонконг администрацияси котиби Ян Жуньсюн маълум қилган.

Фото: «РИА Новости»

Аввалроқ Гонконг администрацияси раҳбари Кэрри Лэм таътил камида 2 мартгача давом этиши, аммо вазиятнинг ривожланишига қараб зарур бўлса узайтирилишини айтганди.

Ян Жуньсюннинг таъкидлашича, ҳукумат мактабдаги нормал ўқув фаолиятини имкон қадар тезроқ қайта тиклаш учун барча имкониятларни ишга солади, аммо ўқитувчи ва ўқувчиларнинг хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлашнинг муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда янги ўқув чораги бошланишига тайёргарлик кўриш ва зарур шарт-шароитлар яратиш керак.

Шунингдек, агар ўқувчилар материкда ёки бошқа мамлакатларда бўлса, уларнинг Гонконгга қайтишига зарурат йўқлигини, Гонконгда яшайдиганлар эса имкон қадар уйдан камроқ чиқиши ва кўп одамлар тўпланувчи жойлардан узоқ бўлиши кераклигини қўшимча қилган.

У буларнинг барчаси мактаб ва боғчалар дам олиши кераклигини англатмаслигини, барчага тезроқ онлайн таълимга ўтиш тавсия этилишини таъкидлаган.

Янги турдаги коронавирус ўчоғи ҳисобланган Хитойнинг Хубэй провинциясида сўнгги бир сутка давомида COVID-19 инфекцияси асоратларидан 242 киши вафот этди. Мураккаб эпидемик вазият ҳукм сураётган Ухань шаҳрига яна 2600 нафар тиббиёт ходими юборилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус Женевада ўтказилган брифинг давомида сўнгги ҳафтада Хитойда янги турдаги коронавирус билан касалланганлар сони барқарор равишда камайгани ва ҳар куни бир хил даражада турганини маълум қилди.