Дунёнинг энг бадавлат кишиси Жефф Безос Беверли-Хиллздан 165 миллион долларлик ҳашаматли уй сотиб олди, деб ёзади «РИА Новости».

Фото: «ТАСС»

Безос уйни медиамагнат Девид Геффендан сотиб олган. Бу Лос-Анжелес учун рекорд даражадаги олди-сотди битими ҳисобланади.

Қайд этилишича, олди-сотди жараёнида кўчмас мулк агентлари иштирок этмаган.

Warner Estate номли қаср тўққиз акр майдонда жойлашган. У 1930 йилда Warner Bros компанияси президенти Жек Уорнер учун лойиҳалаштирилган. Бу ерда кенг террасалар, боғлар, бир неча меҳмон уйлари, теннис корти ва гольф майдони жойлашган.

«Мен бу нафақат Лос-Анжелес, балки бутун дунёдаги энг чиройли қасрлардан бири, деб айта оламан», — дейди маҳаллий кўчмас мулк агентларидан бири Курт Раппапорт.

Аввалроқ Безос Нью-Йоркдан учта квартирани 80 миллион долларга сотиб олганди.