Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус Женевада ўтказилган брифинг давомида сўнгги ҳафтада Хитойда янги турдаги коронавирус билан касалланганлар сони барқарор равишда камайгани ва ҳар куни бир хил даражада турганини маълум қилди, деб хабар беради «РБК».

Фото: Reuters

«Бироқ бу маълумотларни жуда эҳтиёткорлик билан талқин қилиш керак», — дейилади ЖССТ расмий сайтида. Гебрейесуснинг сўзларига кўра, келажакда касалликнинг ривожланиши статистикани ҳам яхши, ҳам ёмон тарафга ўзгартириб юбориши мумкин.

ЖССТ раҳбарининг таъкидлашича, 4 февралдан буён коронавирус аниқланган давлатлар сони ортмаган. Сўнгги ҳафтада эса Хитойдан ташқарида қайд этилган 48 та ҳолатнинг 40 таси Япониядаги Diamond Princess саёҳат кемаси ҳисобига тўғри келмоқда.

Ўз навбатида, ушбу брифингда сўзга чиққан ЖССТ мутахассиси Майк Райаннинг сўнгги кузатувларга кўра, вирус ўтган йилнинг декабрь ойи охирида биринчи бор аниқланган Хубэй провинциясидан ташқарида унчалик тажовузкор эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, касаллик Хитойдан ташқарида секинлик билан тарқалаётгани сабабли уни тўхтатиш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, янги турдаги коронавирус ўчоғи ҳисобланган Хитойнинг Хубэй вилоятида сўнгги бир сутка давомида COVID-19 инфекцияси асоратларидан 242 киши вафот этди.