12 февраль куни кечаси Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакат миллий хавфсизлик вазири генерал майор Яйлим Бердиевни «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар беради «Хроники Туркменистана».

Бердиевнинг ўрнини миллий хавфсизлик вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган полковник Гурбанмират Аннаев эгаллаган.

Миллий хавфсизлик вазири Яйлим Бердиев ушбу лавозимга 2018 йилнинг июнида тайинланган эди, бунга қадар у мудофаа вазири бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 22 январь куни ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг йиғилишида Бердимуҳамедов МХВга қаттиқ ҳайфсан берганди. 2019 йилнинг декабрида ички ишлар вазири Искендар Муликов ишдан ҳайдалгач, президент МХВ раҳбарининг молиявий ҳолати ва мол-мулкини текширишни буюрганди. Шунингдек, Бердимуҳамедов «Туркман отлари» давлат бирлашмаси раҳбари Мергеннепес Аннанепесовни ҳам ишдан ҳайдаганди.