Хитойнинг мураккаб эпидемик вазият ҳукм сураётган Ухань шаҳрига яна 2600 нафар тиббиёт ходими юборилди, деб хабар берди «РИА Новости».

Фото: Reuters

Бу қарорни Хитой раиси ва мамлакат марказий ҳарбий кенгаши раҳбари Си Цзиньпин қўллаб-қувватлаган.

Уханга қўллаб-қувватловчи гуруҳ қуруқлик, денгиз, ҳаво ва ракета кучларидан, шунингдек, бошқа ҳарбий қисмлардан жалб қилинади.

Янги шифокор ва санитарлар беморларни Тунсзи касалхонаси ва Гунгу туманидаги она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш клиникаси базасида «Хошеншан» госпитали модели асосида даволаш чора-тадбирларни ташкил этиш билан шуғулланади. Биринчи касалхонада 860 та, иккинчисида 700 та ўрин ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Маълумот учун, янги турдаги коронавирус ўчоғи ҳисобланган Хубэй провинциясида сўнгги бир сутка давомида COVID-19 инфекцияси асоратларидан 242 киши вафот этди.

Гонконг расмийлари COVID-19 коронавирусининг канализация қувурлари орқали тарқалиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Ушбу тахмин шаҳардаги турар жой комплексларидан бирида содир бўлган воқеа туфайли юзага келди.

Қайд этилишича, касалланганлардан бири 62 ёшли аёл бўлиб, у эпидемиянинг марказига айланган Уханга бормаган ва бошқа касалланган кишилар билан алоқада бўлмаган. Фақатгина эҳтимолий вирус манбаси бир ҳафта олдин касалхонага ётқизилган 75 ёшли одам бўлиши мумкин. Дастлабки маълумотларга кўра, эркак ва аёл таниш бўлмаган, аммо битта канализация қувури уларнинг квартираларидан ўтган.

12 февраль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус Женевада ўтказилган брифинг давомида сўнгги ҳафтада Хитойда янги турдаги коронавирус билан касалланганлар сони барқарор равишда камайгани ва ҳар куни бир хил даражада турганини маълум қилди.

Лондон шаҳрида COVID-19 коронавируси билан касалланган биринчи бемор қайд этилди. Қайд этилишича, янги бемор вирусни Хитойда юқтириб олган. Ҳозирда у Лондондаги ихтисослаштирилган соғлиқни сақлаш миллий тизими марказига жойлаштирилган.