Хитойнинг Хубэй провинциясида коронавирусдан ҳалок бўлганлар ва юқтирганлар сони кескин ошиб кетиши эндиликда ушбу инфекцияни юқтирганларнинг умумий сонига янги тасниф бўйича ташхис қўйилганлар ҳам киритилиши билан изоҳланади, деб хабар берди «РБК».

Фото: AP

Қайд этилишича, шифокорлар аввалроқ қўйилган ташхисларни қайта кўриб чиққан ҳамда ташхис қўйишнинг янги усулига ўтган.

Маълумотларга кўра, бир сутка ичида Хубэйда 14 840 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган. Шундан 13 436 та ҳолат вилоят маъмурий маркази ҳисобланган Ухань шаҳрига тўғри келади.

Провинцияда сўнгги бир сутка давомида COVID-19 инфекцияси асоратларидан 242 киши вафот этди.

Умумий ҳисобда шифокорлар 13 февраль тонги ҳолатига кўра, янги турдаги коронавирус сабаб COVID-19 инфекцияси билан касалланган жами 48 206 кишини рўйхатга олган.

Айни вақтда эпидемия бошланганидан бери 3 441 нафар бемор даволаниб, уйига жавоб берилган — сўнгги бир сутка давомида даволаниб бўлганлар сони 802 кишига кўпайган. Ҳозирда 33 693 киши ҳали ҳам даволанишда қолмоқда, улардан 5 647 нафарининг аҳволи жуда оғир.

12 февраль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус Женевада ўтказилган брифинг давомида сўнгги ҳафтада Хитойда янги турдаги коронавирус билан касалланганлар сони барқарор равишда камайгани ва ҳар куни бир хил даражада турганини маълум қилди.

Лондон шаҳрида COVID-19 коронавируси билан касалланган биринчи бемор қайд этилди. Қайд этилишича, янги бемор вирусни Хитойда юқтириб олган. Ҳозирда у Лондондаги ихтисослаштирилган соғлиқни сақлаш миллий тизими марказига жойлаштирилган.