2020 йилнинг 23 январь куни жиноят ишлари бўйича Ховос тумани судида 20 ёшли Хумора И.га нисбатан суд иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов «Дарё»га маълум қилди.

Скриншот: YouTube

Фуқаро Хумора И. Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми (ўғирлик) билан айбланиб, унга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида «муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат» қўлланилган.

Аниқланишича, Хумора 2019 йилнинг 23 апрель куни очиқ майдонда боғланиб турган, Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида яшовчи амакиси А.Х.га тегишли бўлган 5 миллион сўмлик бир бош чорва молни ўғирлаган. У молни шу куннинг ўзидаёқ сотиб юборган ва пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаган.

Айбланувчи суд жараёнида мазкур жиноятга муҳтожликдан қўл урганлиги, ўзи сотиб юборган чорва моли ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тергов ҳаракатлари давомида топилиб, амакиси А.Х.га қайтариб берилганини таъкидлаган. Шунингдек, Хумора ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, сарфлаб юборган маблағларини қайтариши, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий аҳволи ҳамда ўзига етарли хулоса чиқариб олганлигини инобатга олиб, қонун доирасида енгиллик беришни сўраган.

Скриншот: YouTube

Судья Бахтиёр Мамадаминов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисида гувоҳларнинг ҳам фикрлари тингланди.

Суд Хуморага нисбатан шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш ва бир йил синов муддати белгилади. Синов муддати давомида Хуморанинг зиммасига қуйидаги мажбуриятлар юклатилди:

  • яшаш ва иш жойи ўзгарса, бу ҳақда яшаш жойидаги ИИБга хабар бериш;
  • ҳар ойда икки маротаба яшаш жойидаги ИИБдан рўйхатдан ўтиш;
  • 2020 йил 1 апрелга қадар фуқаровий даъвогар М.А.га 4 миллион сўм зарарни қоплаш.

Судланувчи Хумора синов даврида зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаса ёки жамоат тартиби ҳамда меҳнат интизомини бузган тақдирда, Жиноят кодексининг 72-моддаси 6-қисмига асосан, жазонинг шартлилиги бекор қилиниши ва ҳукмда тайинланган жазо ижро этилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Эслатиб ўтамиз, сирдарёлик Хумора «Севимли» телеканалининг йирик лойиҳаларидан бири ҳисобланган «Зирапча» реалити шоусида қатнашган. У ушбу лойиҳадаги иштироки давомида «Зирапча»нинг бир қанча қисмида мазкур жиноятга қўл урганидан пушаймонлигини билдирган.