Alibaba Group коронавирус инфекциясининг Хитой ва бутун дунёда ишлаб чиқариш ва истеъмолга кучли таъсири ҳақида огоҳлантирди, деб ёзади Spot.

Фото: Bloomberg

Alibaba бош ижрочи директори Дэниэл Чжан ва бош молиявий директори Мэгги Унинг сўзларига кўра, коронавирус туфайли кўплаб ишчилар буюртма ололмаяпти, бунинг ортидан ўз ишини бажара олмаяпти.

Коронавирус туфайли истеъмолчиларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам ўзгарди. Улар харид қилишдан, саёҳат қилиш ва ресторанларда овқатланишдан тийилмоқда.

«Эпидемия Хитойнинг умумий иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатди. Айниқса, чакана савдо ва сервис секторига» — дейди У.

Чжаннинг қайд этишича, озиқ-овқатлар етказиб бериш ўсиб бормоқда, бироқ кийим-кечак ҳамда электроника етказиб бериш эса логистика муаммоларига дуч келмоқда.

«Бу бутун дунё бўйлаб Alibaba бизнесига қисқа муддатли муаммоларни келтириб чиқаради», — дейди у.

Alibaba ўз сотувчиларини қўллаб-қувватлаш учун махсус дастурларни ишлаб чиқмоқда, шу жумладан, ходимлардан ундириладиган йиғимларни камайтириш ва етказиб бериш соҳасидаги ходимлар учун қўшимча мукофот пуллари беришни режалаштирмоқда.

Чжаннинг қўшимча қилишича, компания ўз ходимларига уйдан ишлашга рухсат бериб, уларнинг хавфсизлиги ҳақида қайғурмоқда.