Бразилиялик олимлар биринчи бор Антарктидада ҳаво ҳарорати +20,75 даража Цельсийга етганини қайд этди, деб хабар беради The Guardian.

Фото: The Guardian

Бу каби ҳарорат 9 февраль куни Сеймур оролида қайд этилган. Олимлар ушбу ҳолатни «ақл бовар қилмас ва аномал» деб атамоқда.

Рекорд кўрсаткич 1982 йилнинг январида Сигню оролида қайд этилган ҳаво ҳароратидан деярли бир даражага юқори. Ўшанда ҳаво ҳарорати 19,8 даража иссиққа етган эди.

The Guardian’нинг таъкидлашича, олинган маълумотлар ҳозирча Жаҳон метеорология ташкилоти томонидан тасдиқланмаган.

Антарктидадаги ҳароратнинг кўтарилиши дунёдаги энг катта тоза сув омборидаги музларнинг эришини тезлаштириб юбориши мумкин — у ерда 60 фоизгача сув қор ва муз шаклида мавжуд.

Аввалроқ олимлар ўтмишга «назар ташлаб», Антрактида музликларига оид 1970 йилларда магнит тасмасига йиғилган радар маълумотлари орқали қитъа музликлари янада жадалроқ эриётганини аниқлагани ҳақида хабар берилганди.