АҚШ президенти Дональд Трампнинг Twitter’даги Адлия вазирлиги ҳақидаги гаплари вазирлик ишига тўсқинлик қилмоқда. «РБК»нинг хабар беришича, бу ҳақда ABC News’га берган интервьюсида АҚШ адлия вазири ва бош прокурори Уильям Барр маълум қилган.

Фото: AFP

Прокурор баёноти Трампнинг ёлғон гувоҳлик бериш ва Россиянинг 2016 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашувини текширишга тўсқинлик қилишда айбланган собиқ президент маслаҳатчиси Рожер Стоуннинг иши бўйича изоҳларига тааллуқлидир.

Баррнинг сўзларига кўра, Трамп ундан ҳеч қачон «бу масала бўйича бирор нарса қилишини» сўрамаган, аммо унинг вазирлик, идора ходимлари, ишни кўриб чиқаётган судьялар ҳақида баёнотлари, шу жумладан, Twitter’да билдирган фикрлари «ишни бажаришни имконсиз қилмоқда».

Прокурорнинг фикрича, «Адлия вазирлиги шуғулланаётган жиноий ишлар ҳақида твитлар ёзишни бас қилиш пайти келди».

Кейинчалик Оқ уй матбуот котиби Стефани Гришам Барр «Американинг ҳар бир фуқароси каби ўз фикрини ошкора айтишга ҳақли» эканлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Трамп «Америка халқининг адолатсизликка қарши курашида ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланади» ва бош прокурорга бутунлай ишонади.

Рожер Стоун 2019 йил январида ҳибсга олинган эди. Вашингтондаги федерал суднинг суд ҳайъати уни Россиянинг сайловларга аралашишини текшираётган конгрессменларни ёлғон гапиришда ва гувоҳлардан бирининг кўрсатмаларига тўсқинлик қилишда айбдор деб топган.

11 февраль, сешанба куни Стоунга етти йилдан тўққиз йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиш сўралган. Трамп ўзининг Twitter’ида бу тавсиясини танқид қилиб, таклиф қилинган ҳукмни «даҳшатли ва инсофсиз» деб айтган. Шундан сўнг Адлия вазирлиги ишни ўз назоратига олган ва Стоун иши бўйича тўрт нафар прокурор бу иш билан шуғуланишдан воз кечган.