Фарғона вилоятида 14 февраль, жума кунидан тажриба тариқасида «Меҳр» деб номланган лойиҳага старт берилди. Лойиҳа доирасида «енгил» қоидабузарликка йўл қўйган ҳайдовчиларга жарима ёзилмайди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, бир ҳафта давомида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида «енгил» қоидабузарликларга йўл қўйган ҳайдовчилар ЙПХ ходимлари томонидан жаримага тортилмайди, уларга фақатгина огоҳлантириш бериш билан кифояланилади.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — ҳайдовчи ва йўловчиларнинг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини янада юксалтириш, йўл қоидаларига амал қилиш масъулиятини кучайтириш ва бу орқали йўлларда содир бўладиган мудҳиш ҳолатларга барҳам беришдан иборат.

Фарғона вилояти ИИБда 14 февраль, жума куни, эрталаб ташкил этилган тадбиролди йўриқномада раҳбарият томонидан тадбирни самарали ўтказиш бўйича тегишли топшириқларни олган йўл ҳаракати хизмати инспекторлари ўзларига бириктирилган ҳудудларга йўл олган.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Ҳафта давомида йўлларда қоидабузарликлар ўрганилиши билан бирга таълим муассасалари, маҳаллалар ва жамоат жойларида фуқаролар билан учрашувлар ташкил этилиб, ҳаракат иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича профилактик суҳбатлар олиб борилади.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Аввалроқ Фарғона вилояти ички ишлар идоралари фаолияти республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган эди. Унгача эса вилоят ИИБга Дониёр Тошхўжаев янги раҳбар этиб тайинланган эди. Шунингдек, вилоят ИИБда «Ҳаракатдаги ижтимоий ёрдам кўрсатиш маркази» ташкил этилди. Фарғоналик қизлар профилактика инспектори ёрдамчиси лавозимида иш бошлади.