Коронавируснинг тарқалиши Хитойда автомобиль сотиш ҳажмининг пасайишига ва бутун дунё бўйлаб автомобиллар етказиб бериш жараёнининг бузилишига олиб келиши мумкин, деб ҳисобламоқда Fitch халқаро рейтинг агентлиги. «Коммерсантъ»нинг ёзишича, агентлик экспертлари сотиш ва етказиб бериш ҳажмининг пасайиши 2020 йилда автомобиль сектори муаммоларини янада кучайтиради, деган фикрда.

Фото: АP

Агар касаллик авж олиши қисқа муддатли бўлса, унинг тарқалиши автомобиль компанияларининг кредит кўрсаткичларига камроқ таъсир кўрсатади. Бундай ҳолатда вируснинг таъсири кейинги бир неча ой ичида сезилади, шундан сўнг савдо кўрсаткичлари тикланади, дея тахмин қилмоқда Fitch.

Агентлик маълумотларига кўра, савдонинг пасайиши кўпроқ автомобиль бозорига таъсир кўрсатади. Fitch Хитойнинг энг йирик янги автомобиллар етказиб берувчиси эканлиги, унга дунё бўйлаб сотувнинг 30 фоизи тўғри келишини таъкидлаб ўтган.

Агентлик Хитойда сотувлар апрель ойида тикланиб, 2020 йилнинг иккинчи ярмида тезлашишини тахмин қилмоқда. Мутахассислар Хитойда ишлаб чиқаришнинг тўхтаб қолиши оқибатида юзага келган узилишлар февраль ёки март ойларининг бошларига қадар давом этади, деб ҳисобламоқда.

Қайд этилишича, бу ҳаммадан кўпроқ немис автомобиль ишлаб чиқарувчиларига катта зарба бўлади. Daimler ва BMW фойданинг қарийб 30 фоизини Хитойдаги умумий сотувлардан олади, VW эса — тахминан 40 фоизини.

Шунингдек, вируснинг тарқалиши биринчи ярим йилликда Американинг Ford ва General Motors компанияларига ҳам таъсир қилади. 2019 йилда Ford сотувининг қарийб 40 фоизи Хитой улушига тўғри келган, GM эса коронавирус ўчоғи бўлган Хубэйда бир нечта автомобиль моделларини ишлаб чиқаради. Шу сабабли провинциядаги деярли барча заводларда иш тўхтатилган.

Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси маълумотларига кўра, 13 февраль ҳолати бўйича касалликни юқтириб олганлар сони бир суткада 5090 кишига ортиб, 63 851 га етган. Экспертлар коронавирус билан Ер аҳолисининг учдан икки қисми касалланиши мумкин, деган фикрда. Вирус сабабли Хитойнинг 300 та компанияси  8,2 миллиард доллар миқдорида қарз олишни режалаштирмоқда.