Ҳиндистоннинг Анхра-Прадеш штатида яшовчи 50 ёшли эркак ўзига коронавирус юққанини тахмин қилди ва оиласига зарар етказмаслик учун ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.

Фото: Daily Mail

Фермер Бала Кришна тез-тез мобил телефонида коронавируснинг тарқалиши ҳақидаги видеоларни томоша қилган ва бир куни ўзида шамоллаш аломатларини сезган. Бир неча кундан кейин у ўзига коронавирус ташхисини қўйган ва касалхонага мурожаат қилган. Касалхонада унга иситма чиқарувчи вирус юққани айтилган.

Ҳиндистонда ушбу касаллик билан боғлиқ учта ҳолат қайд этилган ва уларнинг ҳеч бири Анхра-Прадеш штатида бўлмаган. Шифокорлар эркакни унда коронавирус йўқлигига ишонтиришга уринган, бироқ у шифокорларга ишонмаган.

9 февраль, якшанба куни, Кришна барча оила аъзоларини ундан узоқ туриши ҳақида огоҳлантирган. Оила аъзолари унга яқинлашмоқчи бўлганида, эркак уларга тош отган.

Эркак 11 февраль, сешанба куни, оиласини уйига қамаган, маҳаллий қабристонга бориб, онасининг қабри ёнида ўз жонига қасд қилган.

Марҳумнинг ўғли айтишича, агар кимдир ўз вақтида чора кўрганида отаси тирик қолган бўларди. Унинг сўзларига кўра, у отасининг руҳий ҳолати ҳақида ишонч телефонига қўнғироқ қилган, аммо унинг мурожаати эътиборсиз қолдирилган.

Эслатиб ўтамиз, Хитойда коронавирусга чалинганлар сони 63 минг кишидан ошиб кетди. Коронавирус тарқалишидан энг кўп Японияда хавотир олишаётгани маълум бўлди. Мазкур мамлакатда коронавирус билан боғлиқ биринчи ўлим ҳолати кузатилди.