Аввалроқ Япония, Филиппин, Тайван, Таиланд ва Гуам ҳукумати қабул қилишдан бош тортган Westerdam круиз кемаси йўловчилари Камбоджадаги Сиануквиль портига чиқишни бошлади. Бу ҳақда Khmer Times газетасига таяниб «РБК» хабар бермоқда.

Фото: Global Look Press

Кемадан йўловчиларни чиқаришга лайнердаги барча 20 кишидан олинган коронавирус таҳлили уларда касаллик йўқлигини кўрсатганидан кейин қарор қилинган.

Камбоджадаги Америка элчихонаси йўловчилар тушаётгани акс этган суратларни эълон қилган. Khmer Times хабарига кўра, лайнерда 600 дан ортиқ АҚШ фуқаролари бўлган.

Фото: Twitter / АҚШнинг Камбоджадаги элчихонаси

Westerdam лайнери 1 февраль куни Гонконг портидан йўлга чиққан. Кема Тайван ва Япониядаги бир қатор портларга бориб, 15 февраль куни Япониянинг Йокогама портида круизни якунлаши тахмин қилинганди.

Бироқ, 7 февраль куни Япония коронавирус тарқалишидан қўрқиб лайнерга портга киришга рухсат бермаган. Кейинчалик лайнер Филиппин, Тайван, Таиланд ва Гуам портларига ҳам киритилмаган.

Сиануквиль провинцияси губернатори бунга лайнердаги туристларнинг аҳволи шифокорлар томонидан текширганидан кейингина рухсат берилишини таъкидлаган.

Умумий ҳисобда кема бортида жами 1,4 минг йўловчи ва 800 дан ортиқ экипаж аъзолари бўлган.

Аввалроқ Японияда карантинга олинган Diamond Princess кемасидан кексалар ва беморлар эвакуация қилингани хабар берилган эди.