Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг невараси Ойсултоннинг Facebook’даги постлари муайян шахсларнинг таъсири остида ёзилган ва бу мамлакатга тўғридан-тўғри босим ўтказиш, деган Ахборот ва жамият тараққиёти вазири Даурен Абаев. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар қилди.

Ойсултон Назарбоев

Фото: «Мezon.io»

Аввалроқ Ойсултон Назарбоев ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали Буюк Британиядан сиёсий бошпана беришни сўраган ва Россия ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасидаги йирик кўламли коррупция ва халқдан ўғирланган миллиардлаб долларлар ҳақидаги маълумотга эга экани ҳақида ёзганди.

29 ёшли Ойсултон Назарбоев — Қозоғистон биринчи президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоева ва Раҳат Алиевнинг ўғли. У Британиянинг Сандхерст қироллик ҳарбий академиясини тамомлаган ва Қозоғистон бош разведка мудофаа бошқармасига ишга олинганди.

«Мен гиёҳвандликка берилган одамнинг гапларидан иқтибос келтириш, у гапларга асосланиб нимадир айтиш ва уни муҳокама қилиш одобдан эмас деб ҳисоблайман. Ушбу ҳолатда унинг очиқчасига гапираётгани эмас, балки соғлиғи билан боғлиқ вазият хавотир уйғотади. У Facebook’да ёзган постлар кимларнингдир таъсири остида эълон қилинган деб ҳисоблайман»,— дея ушбу вазиятга изоҳ берган «Хабар» телеканали эфирида Қозоғистон вазири.

Ахборот ва жамият тараққиёти вазири Даурен Абаев

Фото: «24.kz»

Абаев Нурсултон Назарбоевнинг невараси гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга муккасидан кетганини ва шу сабабли унинг бу каби фикрларини жиддий қабул қилишга асос йўқлигини қайд этган.

«Ҳозир содир бўлаётган ҳодиса – ундан ғараз мақсадларда фойдаланиш ва мамлакатимизга босим ўтказиш, ифлос ўйин»,— деган вазир.

Ойсултон Назарбоев «кўп миллионли коррупция» ҳақидаги маълумотларни Британиянинг The Times нашрига берган интервьюсида ошкор этишини билдирган. Йигит интервьюнинг қачон эълон қилиниши ҳақида аниқ маълумот бермаган. Бир ой аввал Ойсултон Facebook’даги саҳифасида Нурсултон Назарбоевнинг невараси эмас, балки ўғли экани ҳақида пост қолдирганди.

Бир неча ой илгари эса Ойсултон Назарбоев бегона шахснинг мулки ҳисобланган уйга бостириб киргани ва полициячи билан муштлашгани учун Лондон суди томонидан бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Суд қарорига кўра у ушбу муддат ичида гиёҳванд моддаларга қарамликдан ҳам даволаниши белгиланганди.