Ўзбекистоннинг расмий олтин-валюта захираси 2020 йил 1 февраль ҳолатига 29,4 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки маълум қилди.

Фото: Getty Images

Маълумотларга кўра, халқаро захиралар миқдори 29,4 миллиард долларни ташкил этган. Захиралар таркибида монетар олтиннинг қиймати 16,9 миллиард долларни, хорижий валюта эса 12,6 миллиард долларни ташкил қилади.

Марказий банк олтин-валюта захиралари ҳақидаги маълумотни эълон қилишни бошлаганидан буён биринчи марта уларнинг миқдори 30 миллиард долларга яқинлашди.

Захираларнинг ўсиши асосан олтин нархининг ошиши ҳисобига юз берган. Мазкур захиралар мамлакатнинг «хавфсизлик ёстиқчаси» ҳисобланади. Улар ноқулай ташқи шароитлар вақтида ҳимоя буфери сифатида хизмат қилади. Захираларнинг етарлилиги ноқулай ташқи шароитларнинг табиатига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади.

2019 йилда захиралар Ўзбекистоннинг 13 ой давомидаги импортини молиялаштириш учун етарли эканлиги маълум бўлган. Захираларнинг айни пайтдаги миқдори эса 14 ойдан кўпроқ вақт давомида мамлакат импортини молиялаштириш учун етарли ҳисобланади. Халқаро ташкилотлар тавсиясига кўра, мазкур муддат камида уч ойни ташкил этиши керак.

Захиралар миқдорининг юқорилиги Марказий банкка ноқулай ташқи ҳодисалар шароитида валюта бозоридаги тебранишни фаол равишда чеклашга имкон беради.