Россия ва Хитой ўртасидаги чартер рейсларга қўйилган вақтинчалик тақиқ расмий равишда кучга кирди, деб хабар берди «РБК».

Фото: Reuters

Чартер рейслар 14 февралдан тўхтатилиши ҳақида Росавиация раҳбари Александр Нерадько маълум қилган эди.

Ушбу тақиқ 2019-nCoV коронавируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилди.

14 февралдан «Аэрофлот»нинг Москвадан Пекин, Шанхай, Гонконг ва Гуанчжоуга мунтазам қатновлари чекланади.

Шу билан бирга, тўртта Хитой компанияси учун мунтазам рейслар одатдаги тартибда амалга оширилади. Хитойдан келган йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун Шереметьево аэропортида изоляция қилинган F терминали ажратилди.

Россия Хитой билан мунтазам рейсларни 1 февралдан чекламоқчи эди, бироқ кейинроқ авиакомпанияларга йўловчилар уйига етиб олиши учун авиақатновни 14 февралгача давом эттиришга рухсат берилди.

Шифокорлар 13 февраль тонги ҳолатига кўра, янги турдаги коронавирус сабаб COVID-19 инфекцияси билан касалланган жами 48 206 кишини рўйхатга олган. Ўзбекистонда эса 13 февраль ҳолатига кўра коронавирусга чалинган беморлар йўқлиги маълум қилинган.