Коронавирус Ўзбекистонга кириб келса, унинг олдини олиш учун тегишли шифохоналарда ўринлар, дори воситалари ва тиббий буюмлар захираси ажратилган. Бу ҳақда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимовга берган интервьюсида айтиб ўтди.

Баҳодир Юсупалиев

Фото: Халқаро пресс клуб

Соғлиқни сақлаш вакилининг таъкидлашича, вазиятни инобатга олиб Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тегишли фармойиш қабул қилинган.

Фармойишда асосан коронавирус касаллиги Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олишга қаратилган барча чораларни кўришимиз белгиланган. Бу борада бугунги кунда Ўзбекистондаги санитария-карантин пунктларида барча шароитлар яратилган. Тепловизорлар қўйилган, бундан ташқари шифокорлар — инфекционист, эпидемиологлар навбатчилиги ташкил этилган. Айниқса, Хитой Халқ Республикасидан келаётган юртдошларимиз карантин-санитария пунктларидан ўтади ва назоратдан ўтказилади.

Мабодо ушбу касаллик республикамизга кириб келса, бу бўйича ҳам тайёргарлигимиз бор. Тегишли шифохоналаримизда ўринлар, дори воситалари ва тиббий буюмлар захираси ажратилган. Керакли миқдорда тиббий ёрдам ташкил этилади.

Мамлакатмизга Ухань ва Пекин шаҳридан 584 нафар фуқаро олиб келинган. Улар бугунги кунда алоҳида ажратилган санаторий ва тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган. Бу муассасаларимизда барча шароитлар яратилган, камчиликларимиз йўқ. Дори-дармон захираси ва шифокорлар назорати ўрнатилган.

Баҳодир Юсупалиев, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари 

АҚШ давлат котиби Майкл Помпео коронавирусдан ҳимояланиш учун керакли инфратузилмага эга бўлмаган ҳудудлардан бири сифатида Ўзбекистонни ҳам қайт этди. Унинг фикрича, Ўзбекистон коронавирус каби кенг кўламли хавфга қарши тура олиш имкониятига эга эмас.

13 февраль ҳолатига кўра, янги турдаги коронавирус ўчоғи ҳисобланган Хитойнинг Хубэй провинциясида сўнгги бир сутка давомида COVID-19 инфекцияси асоратларидан 242 киши вафот этди, деб хабар берди Хитой ҳудудий гигиена ва соғлиқни сақлаш қўмитаси. Умумий ҳисобда провинцияда 1310 та ўлим ҳолати қайд этилган. Коронавирус инфекцияси билан бир сутка ичида Хубэйда 14 840 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган. 13 февраль тонги ҳолатига кўра, COVID-19 инфекцияси билан касалланган жами 48 206 киши рўйхатга олинган. Эпидемия бошланганидан бери 3 441 нафар бемор даволаниб, уйига жавоб берилган — сўнгги бир сутка давомида даволаниб бўлганлар сони 802 кишига кўпайган. Ҳозирда 33 693 киши ҳали ҳам даволанишда қолмоқда, улардан 5 647 нафарининг аҳволи жуда оғир.