Украина президенти Владимир Зеленский тобора қаттиққўл бўлиб бормоқда ва унда сурункали чарчоқ аломатлари сезилмоқда. Бу ҳақда «Слуга народа» («Халқ хизматчиси») партияси фракция раҳбари Давид Арахамия маълум қилди, дея хабар беради «РБК».

Фото: Украина президенти матбуот хизмати.

«У қаттиққўл бўлиб бормоқда. Унда сурункали чарчоқ пайдо бўлди. У ўз жамоасидан ҳафсаласи пир бўлмайди, деган умиддаман», — деди Арахамия Зеленский сайловлардан кейин қанчалик ўзгаргани ҳақидаги саволга жавобан.

Зеленский 2019 йил 20 майда Украина президенти лавозимини эгаллаганди. Ўтган йил ноябрида у президентлик лавозими ўта мураккаб экани ва «барча куч, вақт ва айрим ҳолларда истакларни ҳам сўриб олиши»ни билдирганди.

Украина раҳбарининг айтишича, иш куни охирида у ҳеч нарса ҳақида ўйлаш ва ҳеч нарса қилишни истамайдиган, оиласи нимани гапираётганини англамайдиган «организм»га айланади.