Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Германияга ташрифи чоғида коронавирус тарқалиши секинлашгани ва касаллик юқтирганлар тезроқ тузала бошлаганини таъкидлади. «РБК»нинг хабар беришича, бу ҳақда вазирлик сайтида маълум қилинган.

Фото: Reuters

Пекин расмийлари буларнинг барчаси касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар муваффақиятли бўлганлигидан далолат беради, деган фикрда.

Вазирнинг таъкидлашича, янги касалланиш ҳолатлари сони кетма-кет 10 кундан бери камаймоқда, 6 мингдан ортиқ бемор муваффақиятли тузалган. Бу эпидемияни назорат қилиш ва даволаш мумкинлигидан далолат беради. Самарали дори воситаларининг узлуксиз ривожланишини ҳисобга олиб, биз ушбу эпидемияни енгишимизга тўлиқ ишонамиз», — деган у.

Шунингдек, Ван И Хитойдан ташқарида касалланишнинг улуши 1 фоиздан камлиги ва бу Пекиннинг эпидемия тарқалишини олдини олишда муваффақиятга эришганлигидан далолат беришини эслатиб ўтган.

Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси маълумотларига кўра, 13 февраль ҳолати бўйича касалликни юқтириб олганлар сони бир суткада 5090 кишига ортиб, 63 851 тага етган. Экспертлар коронавирус билан Ер аҳолисининг учдан икки қисми касалланиши мумкин, деган фикрда. Коронавирус тарқалишидан энг кўп Японияда хавотир олишмоқда. У ерда коронавирус билан боғлиқ биринчи ўлим ҳолати қайд этилган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 13 февраль куни олинган расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар аниқланмаган. АҚШ давлат котиби Ўзбекистон коронавирусга қарши туришга тайёр эмаслигини айтган.