Ўтган бир сутка давомида Хитойда COVID-19 коронавируси оқибатида вафот этганлар сони 121 кишини ташкил этди. Бу ҳақда Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси хабар берди.

Фото: Reuters

Таъкидланишича, мамлакат бўйлаб жами вафот этганлар сони 1380 кишига етган.

Комиссия маълумотларига кўра, 13 февраль ҳолати бўйича касалликни юқтириб олганлар сони бир суткада 5090 кишига ортиб, 63 851 га етган. Шунингдек, 6723 киши соғайиб, уйига жавоб берилган, 10 204 кишининг аҳволи оғирлиги айтилмоқда. Касаллар билан алоқада бўлган яна 177 минг киши шифокорлар назорати остида қолмоқда.

Гонконгда коронавирусга чалинганлар сони 53 нафар (бир киши вафот этган), Тайванда — 18 нафар, Макаода — 10 нафарга етган.

СCМПънинг ҳисоб-китобларига кўра, бутун дунё бўйлаб янги турдаги коронавирусга чалинганлар сони 64 434 кишини ташкил этмоқда. Уларнинг 248 нафари Японияда, Сингапурда — 58, Таиландда — 33, Жанубий Кореяда — 28 нафар. Хитойдан ташқарида жами 505 кишида коронавирус аниқланган.

Аввалроқ Японияда коронавирус билан боғлиқ биринчи ўлим ҳолати кузатилгани ҳақида хабар берилганди. Экспертларнинг фикрича, янги турдаги коронавирус билан Ер аҳолисининг учдан икки қисми касалланиши мумкин. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 13 февраль куни олинган расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар аниқланмаган.