Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан маълум қилинишича, 2020 йилнинг 14 февраль ҳолатига кўра, Хитой Халқ Республикасида жами 63 932 нафар, дунё бўйича 64 437 киши коронавирус инфекцияси билан касалланган. Касалланганларнинг 1381 нафари вафот этган. Касаллик Хитойдан ташқари дунёдаги 25 та давлатда 505 нафар фуқарода қайд этилган.

Фото: «Дарё»

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги вирусология лабораториясида 2020 йилнинг 14 февраль кунигача 850 та намуна коронавирус инфекциясига текширилган. Ушбу намуналарда коронавирус инфекцияси топилмаган.

Маълум қилинишича, 2020 йил 14 февраль кунигача Хитойда бўлиб қайтган 3679 нафар ўзбекистонлик тиббий кўрикдан ўтказилди. Улардан 2972 нафарида касалликнинг яширин даври (14 кун) якунлангани ва тиббий кўрик давомида ҳеч қандай коронавирус инфекцияси белгилари аниқланмаганлиги боис тиббий кузатув ишлари якунланган. Бугунги кунда 707 нафар фуқаро 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.

Қайд этилишича, «Бўстон» санаторийсига жойлаштирилган фуқаролар ва уларга хизмат кўрсатаётган ишчи ходимлардан 14 февраль, жума куни, иккинчи марта лаборатория таҳлили учун коронавирус инфекциясига жами 352 та намуна олиниб, Вирусология илмий-тадқиқот институти лабораториясига юборилган.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига 13 февраль, пайшанба куни хорижий давлатлардан 37 та самолёт қабул қилиниб, 4582 киши, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ марказий санитария-эпидемиологик хизматига қарашли 6 та санитария-карантин пунктидан 7 та поездда жами 1623 киши, давлат чегара кесишиш пунктларидаги санитария-карантин пунктлари орқали 26 919 киши термометриядан ўтказилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби маълум қилишича, 2020 йил 14 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус касаллиги қайд этилмаган.

Қайд этилишича, коронавирус инфекцияси бўйича расмий маълумотларни олиш учун ҳамда саволлар билан Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги қошида ташкил этилган штабга +998712764966 телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги вирусология лабораториясида 2020 йилнинг январь ойидан бошлаб 13 февраль кунигача 837 та намуна коронавирус инфекциясига текширилган. Ушбу намуналарда коронавирус инфекцияси топилмаган эди.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев коронавирус Ўзбекистонга кириб келса, унинг олдини олиш учун тегишли шифохоналарда ўринлар, дори воситалари ва тиббий буюмлар захираси ажратилганини айтган эди. АҚШ давлат котиби Майкл Помпео эса Ўзбекистон ва Қозоғистон инфратузилмалари коронавирусга қарши туриш учун тайёр эмаслигини таъкидлаган. Қашқадарёда 189 киши коронавирусга қарши тиббий кузатувга олинган.

Экспертлар коронавирус билан Ер аҳолисининг учдан икки қисми касалланиши мумкинлигини маълум қилган. Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирусга чалинганлар сони 63 минг кишидан ошиб кетган.