Темурийлар давлати қулаганидан сўнг Марказий Осиёда икки мустақил давлат қарор топди. Булар Бухоро ва Хоразм хонликларидир. 1511–1512 йилларда чингизий шаҳзодалар, ака-ука Элбарс ва Бейбарслар асос солган Хоразм давлати рус солномаларида Хива хонлиги деб аталади. 400 йилдан ортиқ вақт мобайнида бугунги Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон ҳудудларида ҳукм сурган давлат 1920 йил 2 февраль куни тарих саҳнасидан кетди. Бу йил ушбу санага юз йил тўлди. Хўш, бу қандай юз берди? Хонликнинг сўнгги кунлардаги аҳволи қандай эди? «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Остонов шу ҳақда ҳикоя қилади.

Илк ислоҳотлар

1873 йил узоқ давом этган жанглардан сўнг Хива яқинидаги Гандимиён қишлоғида Хоразм ва Россия империяси ўртасида тинчлик шартномаси имзоланди. Ушбу шартномага мувофиқ Хоразм бундан буён Россия империяси протекторатига айланди. 1910 йилда Хиванинг сўнгги мустақил ва биринчи вассал хони Саид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон II вафот этди. Тахтга эса руслар қўллаб-қувватлаши натижасида унинг ўғли Саид Асфандиёрхон II ўтирди. Асфандиёрхон даври ўша пайтдаги бош вазир Исломхўжа амалга оширган ислоҳотлар ва «Ёш хиваликлар» ҳаракатининг вужудга келиши билан эсда қоларли бўлди. Аммо Исломхўжанинг ўлдириб кетилиши ислоҳотлар тўхтаб қолишига сабаб бўлди.

Фото: Wikipedia

1917 йили Россия империясининг тугатилишига сабаб бўлган февраль инқилобидан кейин Хоразм мустақиллигини қайтадан қўлга киритди. Аммо бу мустақиллик Асфандиёрхон учун яккаланиб қолишни англатар эди. Унинг қаршисида янги бир куч пайдо бўлган эди. Февраль инқилобидан руҳланган «Ёш хиваликлар» даъватларини ошкора давом эттира бошлади. Улар хондан ислоҳотлар ўтказишни талаб қилди. 1917 йилнинг 4 апрель куни хон девонхонаси рўпарасида бир неча минг кишилик намойиш бўлиб ўтди. Хон Полвонниёз Ҳожи Юсупов ва Ҳусайнбек Матмуродов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди ва 5 апрель куни «Ёш хиваликлар» тақдим этган манифестни имзолади. Ҳужжатга мувофиқ Хоразм конституциявий монархия этиб белгиланди.

Янги давлат бошқарув органлари – Маҳкамаи адлия (мажлис – парламент) ва Идораи машварат (вазирлар кенгаши) тузилди. Мажлис раҳбари этиб ҳаракат фаоли Бобоохун Салимов, ҳукумат бошлиғи этиб Ҳусайнбек Матмуродов тайинланди. Шунингдек, хон темирйўл қуриш, почта-телеграф хизматини ташкил қилиш, янги усулдаги мактаблар ташкил этишга ваъда берди. Аммо консерватив қарашдаги хон ва унинг ҳамфикрлари биргаликда ҳарбий тўнтариш натижасида вазирлар кенгашини тарқатиб юборди. Ноябрь ойига келиб мажлис ҳам тарқатиб юборилди. Ислоҳотлар тўхтатиб қўйилди.

Давлат тўнтариши

Мамлакатдан қочиб кетган «Ёш хиваликлар» аъзолари 1918 йилда Хоразм ташқарисида Хоразм коммунистик партиясини тузди. Унинг аъзолари сони 600 нафарни ташкил этди.

Саид Абдуллахон, охирги Хива хони.

Фото: Wikipedia

Октябрь тўнтаришидан кейин Россияда болшевиклар ҳукуматни қўлга киритди. Туркистонда ҳам ҳокимият болшевиклар қўлига ўтди. Туркистонда ҳам совет республикаси тузилди. Советлар хавфи олдида ҳукуматни йўқотишдан қўрққан Асфандиёрхон бош қўмондон этиб собиқ душмани, туркманларнинг ёвмут қабиласи сардори Муҳаммад Қурбон Сардор – Жунайдхонни тайинлади. Саройда мавқейини ошириб олган Жунайдхон 1918 йилнинг октябрь ойида давлат тўнтаришини амалга оширди. Нуруллабой саройида Асфандиёрхон ўлдирилди. Тахтга эса унинг акаси Саид Абдулла Ғозий ўтирди. Амалда ҳокимият Жунайдхон қўлида тўпланган эди. У саройдаги барча рақибларини йўқ қилишга эришди.

Туркистон советларига қарши кураш

Жунайдхоннинг Марказий Осиёдаги энг катта душмани Туркистон советлари эди. У совет режимининг ашаддий душмани эди. У Туркистонга қарши икки марта жанг қилди. 1918-йининг кузида Жунайдхон қўшини Янги Урганчга ҳужум қилиб, у ерда 50 нафар рус оиласини ҳибсга олди. 10 минг кишилик қўшин билан 24 ноябрь куни Тўрткўлни қамал қилди. Аммо Чоржўйдан келган ёрдам эвазига шаҳарликлар Жунайдхоннинг 1700 аскарини йўқ қилишга эришди.

Туркманлар қўшини таркибида ҳам келишмовчиликлар келиб чиқа бошлади. Бир қатор қўрбошилар қўшини билан Жунайдхонни тарк этди. Одамлари камайиб қолган Жунайдхон 1919 йил 4 апрель куни Туркистон Совет Республикаси билан тинчлик шартномаси имзолашга мажбур бўлди. Шартномага мувофиқ Туркистон Хоразмнинг мустақиллигини тан олди. Жунайдхон учун шартнома вақтдан ютиш имкони эди. У Марказий Осиёда совет кучларига қарши курашни қўллаб-қувватлашда давом этди. Шу сабабли Нукус ва Чимбойни эгаллаган атаман Филчев ҳокимиятини тан олди ва уни қўллаб-қувватлади.

1919 йил сентябрь ойида Жунайдхон собиқ рус отрядлари ва Бухоро амирлиги билан бирлашиб, совет Туркистонига қарши курашга келишиб олди. Шундай қилиб, Жунайдхон қўлида ўзининг 15 минг кишилик армияси ҳамда Филчев ва Колчаклар жўнатган казак отрядларини бирлаштирди. Ноябрь ойида ҳаракатга кечган Жунайдхон қўшинлари Нукусни эгаллади. Аммо шу пайтда пойтахт Хивада «Ёш хиваликлар» қўзғалон кўтарди.

Исломхўжа.

Фото: Wikipedia

Қўзғалон бостирилганига қарамай, Жунайдхон қўшини кучсизланиб қолди. Бундан фойдаланган советлар Жунайдхонга Янги Урганчда, кейин Нукусда қақшатқич зарбалар берди. Қўшмуҳаммад, Яхшигелди ва Шомурод бахши бошчилигидаги отрядлар советлар томонига ўтиб кетди. Бу мағлубиятлардан кейин Жунайдхон кучсизланиб қолди.

1920 йил январь ойидан Хивага қарши ҳужумга ўтган советлар февраль ойининг бошларигача бир қатор шаҳарларни қўлга киритди. Шундай шароитда амалда ҳеч қандай кучга эга бўлмаган Хоразм хони Саид Абдуллахон Хива коммунистларининг талаби билан 1 февраль куни тахтдан воз кечганини маълум қилди.

2 февраль куни Хоразм хонлиги давлат сифатида тугатилди. Унинг ўрнига Хоразм Халқ Совет Республикаси ташкил этилди. Жунайдхон эса 1938 йилгача, яъни ўлимигача Марказий Осиёда СССРга қарши курашни давом эттирди.