Коронавирус сабабли Япониянинг Йокогама портида каратинга олинган Diamond Princess круиз кемасининг бортида тўрт нафар Қозоғистон фуқароси бор. Бу ҳақда Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, Kazinform хабар берди.

Фото: Reuters

Маълум қилинишича, кема бортидаги қозоғистонликларнинг аҳволи қониқарли. Лаборатория текширувларининг устида иш олиб борилмоқда, карантин 19 февраль куни якунланади.

Сўнгги маълумотларга кўра, умумий ҳисобда кемада бўлган 218 кишида коронавирус аниқланган.

Кема бортидаги кишиларга қўлқоплар, ниқоблар ва термометрлар тарқатилган ва улардан бир-бири билан алоқа қилмаслик сўралган. Кемадаги йўловчилар ва хизмат кўрсатувчи ходимлар текширувдан ўтказилган. Diamond Princess бортида 3700 дан ортиқ киши бор. Круизни ташкил қилган АҚШнинг Carnival компанияси йўловчиларга саёҳат учун тўлаган пулларини қайтариб беришни ваъда қилган ва бошқа бир саёҳатга бепул боришни таклиф қилган. Компания ўз ходимларига карантин тугаганидан сўнг икки ойлик ҳақ тўланадиган таътилни ҳам ваъда қилган.

Diamond Princess саёҳат кемаси жорий йилнинг 20 январь куни Йокогамадан чиқиб, Кагосима—Гонконг—Окинава йўналишидан ўтиб, 3 февраль, душанба куни, қайтиб келган. Бу вақтга келиб кемадаги бир неча киши тоби қочгани ҳақида хабар қилган ва ҳукумат бортдаги барчани текширувдан ўтказишга қарор қилган.

11 февраль, сешанба куни, саёҳат кемасидаги кексалар ва сурункали касалликларга эга беморларни соҳилга эвакуация қилиш бошлаган эди.

Шунингдек, аввалроқ коронавирус хавфи сабабли Япония, Филиппин, Тайвань, Таиланд ва Гуам ҳукумати қабул қилишдан бош тортган Westerdam круиз кемаси йўловчилари Камбоджадаги Сиануквиль портига чиқишни бошлагани ҳақида хабар берилган эди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирусга чалинганлар сони 63 минг кишидан ошиб кетди.