Япония ҳукумати мамлакат ҳудудида коронавирусга йўлиққан бемор ўлими билан тугаган ҳолат кузатилганини тан олди. 80 ёшли аёл Хитойнинг материк қисмидан ташқарида ушбу вирус келтириб чиқарган касаллик туфайли вафот этган учинчи қурбонга айланди, деб ёзмоқда «РБК».

Фото: Кёдо News

Токио яқинидаги Канагава префектурасида яшовчи аёл 1 февралда пневмония касаллиги билан шифохонага ётқизилган. Шифокорлар беморнинг организмида коронавирус бўлганини, у вафот этганидан кейин аниқлашга муваффақ бўлган.

Япония соғлиқни сақлаш вазири Кацубони Като берган хабарда аёлнинг коронавирусни қаерда юқтириб олгани борасида маълумот келтирилмаган. Вафот этган беморнинг сўнгги вақтлардан Япониядан ташқарига, хориж мамлакатларига чиқмагани айтилмоқда.

Шунингдек, Япония ҳукумати Вакаяма провинциясида мамлакатда биринчи марта тиббиёт ходимининг коронавирусни юқтириб олганини қайд этган. 50 ёшли жарроҳ инфекцияга чалинган. Унинг хитойлик беморлар билан мулоқот қилган ёки қилмагани борасида аниқ маълумотлар йўқ.

Шу билан бирга Токиода яшовчи 70 ёшли такси ҳайдовчисида ҳам касалликка чалиниш аломатлари сезилган. У охирги икки ҳафта ичида хорижлик йўловчиларга хизмат кўрсатмаганини таъкидлаган.

Япония бутун дунёда коронавирус кузатилган давлатлар орасида Хитойдан кейин иккинчи ўринда бормоқда. Японларнинг аксарият қисми яъни 175 нафар одам Diamond Princess круиз лайнерида Йокогама яқинидаги мамлакат сув ҳудудида коронавирус юқтириб олган.

Бугунга қадар коронавирус келтириб чиқарган хасталикдан энг кўп одам вафот этган жой бу ушбу вирус илк тарқалган ҳудуд – Хитойнинг Хубэй провинцияси бўлиб турибди. У ерда 1300 нафардан кўпроқ одам коронавирус туфайли вафот этган. Хитойнинг материкли қисмидан ташқарида икки нафар одам Гонконг ва Филиппинда вафот этганди, энди ушбу ҳудудлар сафига Япония ҳам қўшилди.

Янги турдаги коронавирус ўчоғи ҳисобланган Хитойнинг Хубэй провинциясида сўнгги бир сутка давомида COVID-19 инфекцияси асоратларидан 242 киши вафот этган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебреесус Женевада ўтказилган брифинг давомида сўнгги ҳафтада Хитойда янги турдаги коронавирус билан касалланганлар сони барқарор равишда камайгани ва ҳар куни бир хил даражада турганини маълум қилган.  Гонконг расмийлари коронавирус канализация қувурлари орқали ҳам тарқалиши мумкинлигини тахмин қилди. Шунингдек, Гонконг ҳукумати коронавирус тарқалиши сабабли мактаб таътилини 16 мартгача узайтирди.