Бугун, 15 февраль заргарлик буюмлари билан машҳур Tiffany брендининг асосчиси Чарльз Луиз Тиффани туғилган кун. У 1812 йилда Коннектикут штатида дунёга келган.

Фото: Google Images

Мода оламида Чарльз Луиз Тиффани номи юксак диднинг синоними сифатида тан олинади. Бренд асосчиси 25 ёшида ўз шахсий бизнесини очишга қарор қилади. Ота-онасининг иқтисодий кўмаги билан режасини амалга ошириш учун мактабдош дўсти Тедди Янг билан Нью-Йоркка йўл олади. Бизнес ҳамкорлар мегаполиснинг қоқ марказида «Tiffany & Young» дўконини очади. Ишнинг кўзини билган ёш бизнесменлар сарфланган маблағни қоплаш учун кўпроқ ҳаракат қилиш керак эканини тушуниб етади ва маҳсулот турларини кўпайтиради ҳамда мижозларга кўрсатиладиган хизматларни яхшилашга эътибор қаратади. Шу билан бирга дўконда соат, ошхона анжомлари, чинни буюмлар ва ойналар ҳам сотилади. Орадан йиллар ўтиб бизнесга Жей Эл Эллис ҳамкор бўлиб қўшилади. Бу вақтда компаниянинг маҳсулотлар каталоги ишлаб чиқилиб, дўкондаги ҳар бир мижозга алоҳида хизмат кўрсатилади. Харид қилинган буюмлар бежирим қутичада ҳаворанг тасма билан ўралган ҳолда топширилади.

Фото: Google Images

1853 йилда Чарльз «Tiffany & Cо» нинг ягона эгаси бўлади буюмлар сифатидан ташқари, интерьер ва ташқи дизайнга ҳам эътибор қаратади. Буюк заргарнинг харидорлари асосан бадавлат кишилар, сиёсатчилар ва таниқли инсонлар бўлган. 1861 йилда АҚШ президенти Аврам Линкольн, рафиқаси Мэри Тодд Линкольн учун марваридли тўплам буюртма қилгани бунинг исботи. Шундай қилиб, Tiffany заргарлик буюмлари юқори қатлам вакиллари, аслзодалар ва машҳур кишиларнинг севимли брендига айланган.

Фото: Google Images

Айнан Tiffany томонидан тақинчоқларда илк марта 925 пробали кумуш ишлатилган. Орадан анча вақт ўтган бўлса-да, кумуш тақинчоқларни ўз ичига олган, сайқалланган олмослар билан безатилган зирак, браслет ва узуклардан иборат «Atlas Numeric» коллекцияси бугунги кунда ҳам заргарликнинг шедевр намунаси деб эътироф этилади.

Фото: Google Images

1867 йил Парижда бўлиб ўтган Universelle кўргазмасидаги намойиш халқаро эътирофга сазовор бўлади ва мукофотланади. 1871 йилда япон маданиятидан илҳомланган ҳолда кумушдан ошхона жиҳозлари тўплами яратилади. Ушбу коллекция шу қадар мукаммал ва ўзига хослигидан бугунги кунда ҳам энг талабгир тўпламлардан бир ҳисобланади. Шундан кейин энг йирик музейлар экпозициялари учун Tiffany’га буюртма беришни бошлаган.

Фото: Google Images

1870 йилда Манхеттонда компаниянинг янги биноси очилади ва унга жами 500 минг доллар сарфланади. Компанияни New York Times «қимматбаҳо буюмлар саройи» деб атайди. 1878 йил, Tiffany & Cо Парижда Гран-прини қўлга киритади. Франциядаги коллекция намойишидан кейин Чарльз Тиффани «бриллиант қироли» деб аталади, халқаро кўргазмаларнинг ҳеч бири Tiffany заргарлик буюмларисиз ўтмайди, компания филиаллари эса бутун дунё бўйлаб очила бошлайди.

Фото: Google Images

Орадан 8 йил ўтиб, Чарльз томонидан яратилган унаштирув узуги нафақат заргарлик балки, мода оламида ҳам катта бурилишга сабабчи бўлган. Бриллиант қадалган узук камалакдек сержило бўлиб, унга бўлган талаб қисқа фурсатда орта бошлаган.

Фото: Google Images

1878 йил 250 каратли, Жанубий Африкадан топилган сариқ олмос компаниянинг нуфузини янада оширган. Унга Жорж Фредерик Кунс ишлов берган. Шундай қилиб компания 150 каратли Tiffany Diamond’ни тақдим қилади ва бу олмос бугунги кунда ҳам қийматини йуқотмаганини 2019 йил Оскaр мукофоти тақдирлаш маросимидаги суратлардан ҳам билса бўлади.

1887 йилда Париждаги ярмаркада Tiffany & Cо коллекцияси «энг ғайриоддий тақинчоқлар» мукофотига лойиқ топилган. Шундан сўнг компанияга турли буюртма ва таклифлар келиб туша бошлаган. 1894 йилда Diamond Жим Брадй томонидан, киноактриса Лилиан Рассел учун кумушдан велосипед ясашга буюртма берилади.

Фото: Google Images

«Tiffany'да нонушта» китоби айниқса, актриса Одри Ҳепберн рол ижро қилган фильм сабаб, бренднинг машҳурлиги янада ортади. Унда Одри бўйнидаги, дизайнер Жан Шльюмберг томонидан яратилган бриллиант маржон, мухлислар хусусан  аёллар қалбини забт этган. 2013 йил баҳорда премьераси бўлган «Шоввоз Гетсби» фильмида ҳам бренд маҳсулоти ишлатилган.

Фото: Google Images

1902 йилда Чарльз вафот этади ва унинг ишларини ўғли давом эттиради. Унга отасидан қобилият, салоҳият ва юксак дид мерос бўлиб қолганди. У анъаналарни сўнгги тенденциялар билан уйғунлаштира олар ва бу «Tiffany & Cо»нинг муваффақият сирларидан бири эди.

Фото: Google Images

Tiffany бренди билан бир қанча машҳур дизайнерлар билан ҳамкорлик қилган. Истеъдодли Энди Уорхолл, Элса Перетти ва Палома Пикассо шулар жумласидан. Бугунги кунда ушбу компаниянинг бир қанча йирик шаҳарларда 150 дан ортиқ дўконлари ва 11 мингга яқин ишчилари бор. Бренднинг доимий мижозлари эса ўша вақтдаги каби казо-казолар. Савдо ишлари, материаллар сифати, ишлаб чиқариш технологиясининг бари компаниянинг бош офисида назорат қилинади.

Фото: Google Images