Шундай давр келдики, смартфон ва уяли телефонлар кундалик турмушнинг узвий бир қисмига айланди. Ваҳоланки, атиги 15 йил олдин ҳам симсиз мобил алоқа телефонлари ҳали ҳашамат саналарди ва кўпчилик оддий симли шаҳар телефон аппарати орқали иш битирарди. Мобил телефонлар оммалашгач, симли телефон оммавий фойдаланишдан бироз четга чиқиб қолди. Бироқ ўз замонасида ҳақиқий инновация бўлган ва алоқа соҳасида туб инқилоб ясаган телефон воситасини ҳали бутунлай «пенсияга чиқариш»га шошилмаслик керак. Айниқса ишончлилик нуқтаи назаридан классик телефонларга етадигани йўқ.

Ўша классик телефон ускунасини Александр Грейам Белл исмли шахс ихтиро қилганини кўпчилик эшитган албатта. Унинг шарафига ҳатто шовқин ва товуш ўлчов бирлиги ҳам номланган. Ўша кўпчилик таниган жаноб Белл ўзининг энг машҳур ихтироси бўлмиш телефон аппарати учун патентни айнан 14 февраль куни расмийлаштирган эди.

«Дарё» колумнисти, физик олим Музаффар Қосимов бу тарихий воқеа ҳақида ҳикоя қилади.

Ихтиро тарихи жуда қизиқ. Аслида моҳиятан телефон сингари ишлаган ва товуш сигналларини сим орқали электр сигналлари кўринишида масофага узатиш имконини берадиган ускунани 1860 йилларда флоренциялик Меуччи исмли уста ясаган. Унинг ускунаси «телектрофон» деб номланган. У ихтиросини Western Union компаниясига сотиб юборган. Унинг ихтироси шу билан унутилган. 1871–1874 йилларда Меуччининг телектрофонга шахсий патент олишга уринишлари беҳуда кетган. Чунки Western Union ҳужжатларни йўқотиб қўйган ва қолаверса молиявий масалаларда Меуччи патент идораси ундирадиган йиғимларни тўлолмаган.

Алехандр Белл.

Фото: Wikipedia

Барча адабиётларда телефон ихтирочиси сифатида эътироф этиладиган Александр Белл 1847 йилда Шотландияда туғилган. У аввалига Эдинбург университетида, кейинчалик Лондон университет коллежида таҳсил олган. Унинг касби кар-соқовлар мактаби ўқитувчиси бўлган. Шу борада айтиш мумкинки, у энг аввало эшитишда нуқсони бор шахслар учун товуш кучайтиргич мослама ихтиро қилиш ҳақида бош қотирган. Бунинг учун у қулоқ тузилиши ва эшитиш физиологиясини яхшилаб тадқиқ қилган.

1870 йилда Александр Белл Канадага, муҳожирликка жўнаган. Икки йилдан кейин у энди АҚШга кўчиб ўтган. Бостон шаҳрида муқим жойлашгач, маҳаллий кар-соқовлар мактабида иш бошлаган ва айниқса карлар учун ўзи ишлаб чиққан имо-ишоралар алифбоси, шартли нутқ ишоралари билан катта ҳурмат қозонган. Унинг методикаси кар-соқовлар учун яхши самара берган ва натижада Беллни Бостон университетига нутқ физиологияси профессори мақоми билан ишга таклиф қилишган. Университет унга қулоқ физиологиясини мукаммал тадқиқ қилиш учун барча шароитни ҳозирлаб берган. Белл азалий орзуси – нутқни электр сигналларига айлантириш ва симлар орқали масофага узатиш борасидаги тадқиқотларига шўнғиб кетган. У қулоқ пардаси тузилишини синчиклаб ўрганиб чиққач, худди шундай юпқа металл мембрана ва унинг яқинига жойланган доимий магнит воситасида товуш сигналларини электр сигналларига ва аксинча айлантириш мумкинлигини англаб етган. Бир неча ой давом этган машаққатли меҳнат ва юзлаб муваффақиятсиз тажриба-синовлардан кейин ниҳоят 1876 йил февраль март ойларида Беллнинг телефон ускунаси кутилганидек ишлай бошлаган. Дастлабки муваффақиятлардан руҳланган олим 1876 йилнинг 14 февраль куниёқ патент идорасига ҳамма ҳужжатларни топширган.

Беллнинг овозли телеграфи.

Фото: Wikipedia

Қизиғи шундаки, архив ҳужжатларига кўра, ўша куни Беллдан атиги икки соат кейин Илайш Грэй исмли яна бир шахс худди шундай ускуна учун патент расмийлаштиргани ариза қолдирган экан. Унинг ускунаси ҳам Беллники сингари ишлаган ва тузилиши жиҳатдан бир хил бўлган. Фақат Белл биринчи бўлиб ариза топширгани учун ихтиро унинг номига расмийлаштирилган. Шу тариқа, телефон ихтирочиси сифатида тарихда Александр Грейам Белл номи муҳрланган. Айтиш жоизки, патентга кўра, Беллнинг ушбу ихтироси «телефон» деб эмас, «товушли телеграф» деб номлаган. «Телефон» атамаси кейинроқ пайдо бўлган ва оммалашиб кетган.

Белл ўз телефон аппаратини ўша йилнинг 10 март куни Бостон университетидаги ҳамкасби Уотсон билан синаб кўрган. Унинг ўзи томдан туриб телефон аппарати микрофонига гапирган. Уотсон эса ертўлада бўлган ва Беллнинг «Жаноб Уотсон, бу ёққа чиқинг, сизда гапим бор», деган сўзларини аниқ эшитган.

Белл телефон аппаратининг тақдимоти 1876 йил июнида АҚШ мустақиллигининг 100 йиллигига бағишланган саноат кўргазмасида катта шов-шув билан бўлиб ўтган. У ўша кўргазманинг энг катта ва энг асосий сенсацияси бўлган.

Ихтиро омма орасида катта қизиқиш билан кутиб олинган ва 1876 йилнинг августидаёқ Белл телефонларидан фойдаланувчилар сони тахминан 800 нафар абонентни ташкил қилган. Бироқ йирик пулдорлар ва компаниялар янги ихтиродан бизнес қилишга пул тиккани иккиланган. Беллнинг ўзи ҳам аввалига патентини мўмай пулга сотиб, яна кар-соқовлар билан ишлашда давом этишни кўзлаган эди. Бироқ патентга харидор чиқавермагач, у қайнотаси билан биргаликда ўз маблағи ва қисман қарз кўтарган ҳолда хусусий телефон компанияси Bell Laboratories Telephone’га асос солган.

Белл ёрдамчиси Уотсон билан боғланмоқда, 1876 йил.

Фото: Wikipedia

У даставвал 1878 йилда Коннектикут штатида 21 та абонентга эга телефон тармоғини ишга туширган. Телефонга талаб кўплиги туфайли Белл компанияси жуда тез ривожланган ва тез орада қудратли концернга айланган. 1890 йилга келиб бутун АҚШ бўйлаб 100 мингдан зиёд Белл телефон тармоғи абонентлари мавжуд эди. Асрлар оралиғида эса телефондан фойдаланувчилар сони миллионлик маррани забт этган. 1922 йилда, Александр Белл вафот этган пайтда эса унинг хотираси учун АҚШ телефон абонентлари бутун мамлакат бўйлаб бир дақиқалик «телефон сукути» эълон қилган. Яъни унинг тобути қабрга жойланаётган пайтда бутун мамлакат бўйлаб барча телефон қўнғироқлари тўхтатилган ва шу тариқа ушбу муҳим ихтиро муаллифига ҳурмат бажо келтирилган. Бу пайт тармоқда аллақачон 13 миллион абонент бор эди.