Covid-19 турига мансуб коронавирусга йўлиқиш ҳолати Мисрда ҳам биринчи бор кузатилди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотига асосланиб, Reuters хабар берди.

Фото: Egypt Independent

Хабарга кўра, касалликни юқтириб олган одам — хориж давлати фуқароси. Унинг қайси мамлакатдан келгани борасида аниқ маълумот келтирилмаган.

Шу тариқа Миср Африка қитъаси мамлакатлари орасида ҳудудида коронавирус кузатилган биринчи давлатга айланди. Миср ССВ содир бўлган ҳодиса юзасидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига маълумот юборган.

Маҳаллий Al-Ahram газетасининг хабар беришича, соғлиқни сақлаш вазири коронавирусга қарши кураш борасида идоранинг кейинги режалари муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказган. Вазир коронавирус тарқалиб кетмаслигини таъминлаш бўйича профилактик чоралар кўрилаётганини маълум қилган.

Эслатиб ўтмиз, вирус 2019 йил декабрида Хитойнинг Ухань шаҳрида тарқала бошлаган. Шундан кейин бир нечта бошқа хориж давлатларида ҳам коронавирусга чалиниш ҳолатлари кузатилди. Улар орасида Германия, Франция, Россия, Швеция, Финландия, Бельгия, Испания, Италия, Канада, АҚШ, Япония, Тайвань, Сингапур, Малайзия, Непал, Австралия ва бошқа давлатлар бор.

Хитой ҳукумати тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, коронавирусга йўлиққанлар сони 63 851 нафарга етган. 6723 нафар одам касалликдан тузалган, 10 204 нафар бемор оғир аҳволда. Мамлакат бўйича 177 минг нафар одам коронавирус билан касалланганлар билан мулоқот қилгани учун шифокорлар назоратига олинган.