Инсон умри ҳамиша равон ва ўзи истаганидек кечавермайди. Йиллар давомида турли синовлар: кутилмаган дард, хиёнат, айрилиқ ва оғриқларга тўқнаш келади. Орамизда шундай инсонлар борки, ҳаёт уларга қанча «туҳфа»ларни тақдим қилмасин, йиқилиб қолмай ўз орзу-мақсадлари сари интилаверади. 

«Дарё» ҳаёт машаққатларини енгиб, осуда ҳаёт кечираётган сабр эгалари билан суҳбатлашиб, уларнинг кечинмаларини ёритишга қарор қилди. «Кучли инсонлар» лойиҳасининг биринчи қаҳрамони сил касаллигини енгиб ўтган хоразмлик Сарвар Отажонов.

Сарвар Отажонов — Хоразм вилояти Хонқа туманида туғилган.  Ҳозир 33 ёшда. Кўп йиллардан буён устачилик билан шуғулланиб келади.

Касаллигимни тан олишим қийин бўлган

Адашмасам, 2017 йилнинг апрель ойлари эди. Оиламиздаги моддий етишмовчилик, пул билан боғлиқ муаммолар сабаб Россияга ишга кетишга мажбур бўлдим. Патент учун тиббий кўрикдан ўтаётганимда ўпкамда қандайдир доғ борлигини, бу силнинг аломати эканлигини айтишди. Мен шокка тушиб қолдим. Ахир энди ишлагани келган бўлсам, бир сўм топмай яна ортга қайтаманми деб ўйладим. Агар ростдан ҳам менда туберкулёз аниқланса, ‘депорт’ қилиб юборишлари тайин эди. Табиийки, тан олмай туравердим. Ахир мен ишлашим, уйга пул жўнатишим керак эди. Кейин яна ичимда бир овоз сен касалмассан, улар адашишяпти, деб айтарди.

Фото: Google Images

Бўйнимга олмаганимдан кейин улар томографияга юборишди. Мен эса айёрлик қилиб, паспортимни бошқа болага бериб, уни ўрнимга текширувга жўнатдим. У кириб чиқди. Патентимни олиб, тинчгина ишлаб юравердим.

Афсуски, хурсандчилигим узоққа чўзилмади. Орадан бир ой ўтар-ўтмай йўталишни бошладим, иштаҳам йўқолди, ҳароратим кўтарилиб, ҳолсизланавердим. Қанча тан олмай, барибир туберкулёз ўз аломатларини кўрсата бошлаганди. Бир неча ой ўтиб ишлашга умуман мадорим қолмади. Интернетда ўқиганларим бўйича дорилар ичдим, муолажалар қилдим—бўлмади. Охири тўрт ярим ойдан кейин Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлдим.

Фото: Google Images

Касаллигимни ҳеч кимга айтмадим

Биласизми, биринчи марта касаллигимни эшитганимда ҳазм қилишим оғир бўлди. Кўпчиликдан буни жуда юқумли, наслдан наслга ўтадиган касаллик деб эшитгандим. Шунинг учун оилам, қизларим ҳақида ўйладим. Иккита ширингина қизим бор. Энди уларнинг тақдири нима бўлади? Туберкулёзлигим эртага уларнинг келажагига таъсир қилмасмикин? Қариндош-уруғ, қўни-қўшни нима деб ўйлайди, деб қўрқдим. Шунинг учун Россиядан кетишни истамагандим. Ўзбекистонга қайтганимдан кейин бу ҳақда ҳеч кимга айтмасликка қарор қилдим.

Фото: Google Images

Ҳаммаси мен ўйлагандек бўлмади

«Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади» деганларидек ҳаммаси мен ўйлагандек бўлмади. Ўзи озғин эдим. Касалликдан баттар озиб-тўзиб кетгандим. Уйдагилар мени кўриб қўрқиб кетди. Ўзи сенга нима бўлди,  тинчликми деб сўрашди. Шунчаки мусофирчиликда озгина қийналдим деб қўявердим. Касаллигимни ҳатто хотинимга ҳам айтмадим.

Ўзбекистонга қайтдим

Уйга келиб, поликлиникага чиқдим. Рентген қилишди. Ҳалиям юрагимда қанийди ҳаммаси ёлғон бўлса, қанийди докторлар адашган бўлса, деган умид бор эди. Эртасига натижаларни билгани бордим. Биласизми, улар менга кутганимдек сизда бу касаллик йўқ, шунчаки шамоллагансиз, тез кунда ўтиб кетади деб айтишди. Шундай қувониб кетдимки...

Фото: Google Images

Уйда бир ҳафтача шамоллашга қарши дорилар ичиб юрдим, муолажалар қилдим. Афсуски, ҳеч бири таъсир қилмади. Қайтанга дардим кучайиб борди.

Бир куни уйимизга синглимнинг шифокор дугонаси Комила келди. Мен қўшни хонада тинмай йўталиб ётардим. У овозимни эшитиб, хонамга кирди ва мен билан обдан гаплашди. У малакали докторлар билан танишлигини, шунчаки, мени текшириб кўришларини айтиб, ўзи билан шифохонага олиб кетди. Текширувдан сўнг менда ҳақиқатан турберкулёз касаллиги аниқланди.

Бунга оила аъзоларингизнинг муносабати қандай бўлди?

Касаллигимни айтганимда уйдагиларим, табиийки, шокка тушиб қолди. Онам қўрқиб йиғлади. Дадам тез ётиб даволанишимни айтди. Хонамизга кириб, аёлимга бу ҳақда айтганимда у юзимга жим тикилиб қолди. Орадан қанча вақт ўтди билмайман, кейин «даволаниш керак бўлса борасиз, даволанасиз», деб кийимларимни йиғиштиришни бошлади. Ўша куннинг ўзида тушдан сўнг шифохонага бориб ётдим.

Фото: Google Images

Оила аъзоларимга ҳам юқтиришим мумкин эди...

Касалхонага ётган пайтим шифокорлар агар Россиядан туберкулёз билан келган бўлсанг, бу оила аъзоларингга ҳам юққан бўлиши мумкин деб уларни кўрикдан ўтказишди. Худога шукр, ҳеч бирида сил аломатлари чиқмади.

Мен эса муолажаларни бошладим.

Фақат яхши нарсалар ҳақида ўйлардим. Эртага юзимда қанақа ўзгариш бўларкин, дея ўзимни ўзим ҳар куни расмга олардим. Ижобий ўзгаришларни телефонимга ёзиб борардим. Бир ойча барибир иштаҳам бўлмади. Фақат мева томоғимдан ўтарди.

Фото: Google Images

Шу орада менга ўхшаб касалхонага ётишни истамаганларни билиб қолсам, олдига бориб, ‘Менам сендек эдим. Бу ёмон касал эмас, даволанмасанг ўтиб кетади. Мен ҳамма докторларни танийман, улар сенга ёрдам беради. Ҳали кўрмагандек бўлиб кетасан’, деб мотивация берардим. Келиб даволанишга кўндирардим.

Бутун дунё бўйича сил билан даволаниш бепул. Аллоҳга шукр, муолажалар вақтида пул билан боғлиқ муаммолар бўлмади. Ҳеч ким биздан пул сўрамади. Шундай қилиб, 56 кундан сўнг соғайиб уйга қайтдим.

Касалликка чалинишимга кучли стресс сабаб бўлган

Очиғи, уйда бир нарсага катта пул керак бўлиб қолди. Уста эдим. Akfa ромлар ясардим. Топганим урвоқ ҳам бўлмасди. Етишмовчилик менга руҳий босим бўлди. Кўпроқ пул топишим керак, деб кўп сиқилдим. Шунинг учун ҳам Россияга кетишга мажбур бўлгандим.

У ерда ҳам мусофирчилик бир ойча кўп қаватли уйларнинг ертўласида — захда жон сақлаганмиз. Қорним ҳам унча тўймаган. Иммунитетим тушиб кетгани учун касалликка чалиндим деб ўйлайман.

Туберкулёзга фақат камбағаллар чалинмайди

Биласизми, кўпчилик бу касалликка кўпроқ камбағаллар, тўйиб овқат емайдиган инсонлар чалинади, деб ўйлашади. Лекин бу нотўғри фикр. Ҳар бир инсоннинг ўпкасида сил таёқчалари бўлади. Қачонки инсон муаммосини ҳадеб ўйлайверса, сиқилса, тўйиб овқат емай юрса, грипп ўн кундан ўтиб ҳам тузалмаса, ўпкасида сил таёқчалари ривожланиб кетади. Айтмоқчи бўлганим, касаллик бу бой ёки бу камбағал деб ўтирмайди.

Статистик маълумотларга кўра, бу касалликка кўпроқ аёллар чалинаркан. Сабаби улар кўп сиқилади, парҳез қилиб, тўйиб овқат емайди. Шунинг учун ҳар бир аёл ўз соғлиғи ҳақида ўйлаши керак.

Ҳозир силга чалинганларга ёрдам беряпман

Даволанганимдан сўнг оутричларда бир муддат волонтёр бўлиб ишладим. Менга ўхшаб силга чалинганларга маслаҳатлар бердим. Уларни касалхоналарга юбордим. Ҳозир у ташкилот ёпилди. Лекин фаолиятимни тўхтатганим йўқ. Ҳар куни турли хил вилоятлардан қўнғироқлар бўлиб туради. Куни кеча Кореядан бир талаба йигит телефон қилди. Айтишича, иситмаси тушмай, тинмай йўталаётган экан. Бироқ оиласи билан келганлигини, Ўзбекистонга қайтиб боришнинг иложи йўқлигини тушунтириб, маслаҳат сўради. Мен ҳамма ҳужжатларингиз жойидами, десам бир ҳафтада тайёр бўлишини айтди. Унда ҳужжатларингизни тайёрланг-да, шифохонага боринг. Бепул даволашади. Агар касалликка жиддий қарамасангиз, юқумли турига айланса, сизни ‘депорт’ қилиб юборади деб тушунтирдим. Ҳамма нарсани бошидан олдини олган маъқул.

Фото: Google Images

Ҳозир қурилишда ишлаяпман. Россияга борганимча йўқ. Бўлмаса касаллигим туфайли мени чиқариб юборишлари мумкин. Бундан ташқари, шу ердаги силга чалинган юртдошларимизга беминнат ёрдам бераяпман.

Агар ҳозир кимдир уларга ёрдам бермаса, даволанишга мажбурламаса, менга ўхшаб 4-5 ойлаб юраверади. Вақт ўтганидан кейин у юқумлига айланса, оиласига, болаларига юқади. Боласи мактабга борса, синфидаги 30 та болага, энг ёмони, у бутун мактабга юқтириши мумкин.

Бир куни бозорга боргандим. Бир киши ‘шашлик’ пишириб сотяпти. Эътибор бериб қарасам, тинмай йўталяпти. Олдига бориб, сиз ёмон йўталяпсиз, юринг, текширишга олиб борай десам йўқ, бошлиғим рухсат бермайди деб туриб олди. Кейин раҳбарининг олдига кириб, агар ҳозир бу одамни текширишга олиб кетмасам, сизларни СЭСга топширвораман деб қўрқитдим. Рози бўлишди. ‘Шашликчи’ни текширганимизда, унда силнинг энг юқумли тури аниқланди. Агар у ‘шашлик’ка қараб йўталса, уни еган одамнинг имминутети паст бўлса, туберкулёзга чалиниши мумкин. Ундан яна бошқасига ўтади. Ўйлаб кўринг, бир кунда нечта одам бозорга келади?

Фото: Google Images

Дард — меҳмон

Йиллар ўтиб тушундимки, дард инсон учун аслида бир синов, кимни кимлигини ажратиб олиши учун зўр имконият экан. Биласизми, касал бўлиб Хоразмга қайтганимда кўпчилик иложи борича мен билан кўришмасликка ҳаракат қиларди. Мабодо юзма-юз келиб қолсак, кўзларида қандайдир ҳавотирни ҳис қилардим. Сўрашгиси келмасди. Лекин Аллоҳга шукр, бундай оғир пайтда оилам, энг яқин инсонларим ёнимда турди. Бирга дардни енгиб ўтдик. Ҳозир соппа- соғман.

Ҳозир силга чалинганимдан уялмайман ёки кимдир мен билан гаплашмай қўйишидан қўрқмайман. Ҳозир мен каби касалликка чалинганларга ёрдам беряпман. Нечтаси соғайиб, раҳмат айтиб кетди. Яқинларингиз ёнингизда бўлса, ҳаракатларингиз бесамар кетмаётган бўлса, инсонга шу етади. Қолганлари қизиқмас.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.