Хитойнинг Хубэй провинциясида бир сутка давомида янги турдаги COVID-10 коронавируси билан касалланганлар сони 2420 кишига ортди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича минтақавий комиссия хабар берди.

Фото: EPA

Шундай қилиб провинцияда касалликка чалинганларнинг жами сони 54 406 кишига етди.

Бундан ташқари, бир сутка ичида Хубэйда коронавирус оқибатида 139 киши вафот этган. Провинция бўйлаб вирус оқибатида жами вафот этганлар сони 1457 кишини ташкил этмоқда. Шунингдек, 4774 беморга шифохонадан жавоб берилган.

South China Morning Post нашрининг ёзишича, бутун дунё бўлаб коронавирус оқибатида 1523 киши вафот этган. Жами касалланганлар сони 66 894 кишини ташкил этмоқда. 7820 бемор даволанишга муваффақ бўлган.

Хитойдан ташқаридаги уч ҳудудда ўлим ҳолати қайд этилган: Гонконг, Япония ва Филиппин.

Эслатиб ўтамиз, Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги вирусология лабораториясида 2020 йилнинг январь ойидан бошлаб 13 февраль кунигача 850 та намуна коронавирус инфекциясига текширилган. Ушбу намуналарда коронавирус инфекцияси топилмаган эди.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев коронавирус Ўзбекистонга кириб келса, унинг олдини олиш учун тегишли шифохоналарда ўринлар, дори воситалари ва тиббий буюмлар захираси ажратилганини айтган эди. АҚШ давлат котиби Майкл Помпео эса Ўзбекистон ва Қозоғистон инфратузилмалари коронавирусга қарши туриш учун тайёр эмаслигини таъкидлаган. Қашқадарёда 189 киши коронавирусга қарши тиббий кузатувга олинган.