Фарғона вилоятида бўлиб ўтган дзюдо бўйича спорт мусобақасида спортчилар жанжаллашиб кетди, ҳодиса видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалди. Мазкур ҳодиса юзасидан вилоят ИИБ маълумот берди.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ

Маълум бўлишича, 14 февраль, жума куни, соат тахминан 12:50 да Фарғона ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб интернатида ўтказилаётган спорт мусобақасида 18 ёшли Ж.Х. ва 20 ёшли Т.К. ўзаро жанжаллашган.

Оқибатда Ж.Х. тан жароҳати олиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига мурожаат қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, у бош қисмидан енгил тан жароҳати олган.

Қайд этишларича, ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. «Жанжалнинг сабаблари ўрганилиб, натижаси бўйича хабар берилади», — дейилади ИИБ ахборотида.