«Дарё» сайтида  ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз. Айтиш лозимки, ҳафталик хабарларимизда позитив руҳ озроқдир.

Сурхондарёнинг Сариосиё туманида милиция ходимлари ва маҳаллий фуқаролар ўртасидаги тўқнашув бу ҳафта жамоатчиликнинг диққатида бўлди. Фақат табиати эмас, одамлари ҳам қайноқ бўлган туманда ноқонуний уй-жой қуриб олганларни кўчириш ишлари бошланган эди. Даставвал уйини бузувчилардан ҳимоялаш учун болта кўтариб олган аёлнинг видеоси тармоқларда айлана бошлади. Аёл иккита боласи билан кўчада қолмаслик учун уйбузарларни болталаш ва бензин сепиш ёқиб юборишга ҳам тайёрлигини билдирган. Аёлнинг бунчалик ғазабланишига сабаб ҳокимлик келишув битими қилиб янги уй қуриб бермаганидир.

Бу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида туман ҳокимлиги вакили, туман прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи, вилоят кадастр корхонаси туман филиали масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ манзилга чиқиб, тушунтириш ишларини олиб борганлиги айтилди. Аммо айни ўша Сариосиё туманида фуқаролар таёқ, болта, белкурак ва тошлар воситасида уй бузувчиларга қарши исён қилган. Ўртада катта жанжал чиққан. ИИБ ходимлари ва фуқаролар жароҳат олган.

Кадр: YouTube

Фуқаролар белгиланмаган жойга ноқонуний уй қуриб олиши оқлаб бўлмайдиган ҳолат. Бу ҳолат оммалашса келгусида кенг кўламли муаммоларни келтириб чиқариши, хусусан озиқ-овқат тақчиллиги билан рўпара келишимиз мумкин. Бироқ уларнинг бемалол уй қуришига рухсат берган мутасаддиларни текшириш, ноқонуний ҳолатлар аниқланганда эса кескин тўқнашувларсиз мақсадга эришиш энг тўғри йўлдир.

* * *

Баъзида шундай даҳшатли хабарлар тарқаладики, уни содир қилганлар инсонмикан, деб ўйлаб қоласан. Одамзотни ўлимдан асраб қолган итлар, отлар, ёввойи ҳайвонлар ҳақида ўқиганмиз. Бироқ мурғак чақалоқни сувга ирғитиб юборган одамдан кўра ўша ҳайвонда одамийлик кучлироқ, десак хато қилмасак керак. 10 февраль куни Тошкентнинг Бунёдкор кўчаси бўйлаб оқиб ўтадиган каналда белига тош боғланган чақалоқ жасади топилган. Жойга Чилонзор тумани ИИО ФМБ ва прокуратура раҳбарлари етиб келган. Иш Тошкент шаҳар ИИБ назоратига олинган. Ҳозирча бошқа нарса маълум эмас.

Channel of Kama канали ушбу воқеага бағишлаб блогпост ёзди.

* * *

Кенг халқ оммасига унча таниш бўлмаган «Илҳом» театрининг бўшатиб қўйилиши машмашаси бу ҳафтада ҳокимлик ва вазир эътиборида бўлди. «Илҳом» театри жойлашган бинонинг эгаси Ofelos Plaza компанияси шаҳар марказидаги иншоотнинг ёқимсиз кўриниши пойтахт манзарасини бузиб турганини асос сифатида келтирган. Театр биноси Ofelos Plaza компаниясига қарашлидир, бироқ жамоа шу пайтгача бинодан беғараз асосда фойдаланиб келган. Театр жамоаси қаттиқ қаршилик кўрсатиб, «Бугун ‘Илҳом’ бутун дунёга машҳур бўлган замонавий санъат марказидир», деган ва жамоатчиликдан ёрдам сўраган.

Шундан сўнг «Илҳом»га қўллов кучайиб кетди. Саида Мирзиёева «Биз театримизни ҳеч кимга хафа қилдириб қўймаймиз», деб баёнот берган бўлса, маданият вазири Озодбек Назарбеков театр жойида қолишини айтди. Шундай қилиб, Маданият вазирлигининг матбуот хизмати «Илҳом» муаммосига нуқта қўйди.

* * *

Йўл-патрул хизмати ходимларининг формаси энди арча ёки бодрингдек яшил рангда эмас, кўк бўлиши мумкин. Тошкентда ЙПХ ходимлари янги форманинг иккинчи вариантини синовдан ўтказишни бошлади. 12 февралдан ЙПХ ходимларига синов тариқасида янги хизмат либослари тарқатилди. Ушбу форма баҳор-куз мавсумларига ҳамда қишнинг ҳаво ҳарорати плюс бўлган кунларига мўлжалланган. Энди милиция ходимларининг формаси кўклигича қолади, деб ўйлаши асоссиз, зотан бу либоснинг навбатдаги версиясини амалиётда синаб кўриш жараёнидир.

Фото: ИИБ матбуот хизмати

* * *

Ўзбекистонда яна бир вазирлик ташкил этилиши айтилди. Шавкат Мирзиёев ўтказган селекторда маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш йўлида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш шартлигини таъкидланди ҳамда ушбу улкан соҳага масъул алоҳида давлат идораси – Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифи билдирилди. Янги вазирлик маҳалладан тортиб республика даражасигача 40 мингдан ортиқ ходимни бирлаштиради.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда вазирликлар сони 24 тага етди. Учта вазирлик янгиланди, 11 та вазирлик янгитдан ташкил қилинди, 10 та вазирлик эскитдан бор.

Шунга яқин яна бир хабар. Ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш мақсадида Ёшлар парламенти ташкил этилади.

* * *

Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева Дубай амирлиги шайхи Манал бинт Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум таклифига биноан, 2020 йилги Бутунжаҳон аёллар форумида қатнашди. Форум 16—17 февраль кунлари Дубайда бўлиб ўтади. Унга таклиф этилганлар орасида АҚШнинг биринчи хоними Иванка Трамп, Буюк Британия собиқ бош вазири Тереза Мей каби дунёнинг нуфузли аёллари ҳам бор. Саида Мирзиёева Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маъруза қилди.

* * *

14 февраль куни Ўзбекистон бўйлаб 10 та ОТМда ректор ўзгарди. Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент давлат стоматология институти, Жиззах давлат педагогика институти, Навоий давлат педагогика институти, Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-қурилиш институти, Самарқанд давлат тиббиёт институти, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти ва Қўқон давлат педагогика институти ректорлари лавозимидан озод этилди.

Ректорларни ёппасига ишдан бўшатиш камдан-кам юз берган. Бунинг сабаби нимада? 31 январь куни президент «Яқинда кўп ректорлар ишдан олинади. Менинг столимда турган маълумотларга кўра, бу ректорлар билими, савияси ва ватанпарварлик даражаси билан ректор бўлиш у ёқда турсин, ҳатто қоровул бўлишга арзимайди», деганди.

* * *

ХХ асрнинг 80-йилларида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида рўй берган воқеалар «пахта иши» сифатида тарихга кирган бўлиб, Гдлян ва Иванов бошчилигида марказдан ташланган «десант»чилар халқимиз бошига солган кулфатларни бугун таассуф билан эслаймиз. Бироқ Ўзбекистонда ҳамма тоза ишлайди, деб баёнот беришдан тийилиш лозим, чунки «пахта иши» ҳануз давом этаётганига бу ҳафта гувоҳ бўлдик.

Фото: «Sof.uz»

2019 йилда республика бўйлаб қарийб 143 минг тонна пахта қўшиб ёзилган. Шундан 120,6 минг тоннаси пахта ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ҳиссасига тўғри келади. Сурхондарё вилоятида эса «расман етиштирилган» деб кўрсатилган пахта ҳосилининг 26,5 фоизи ҳаводан олиб ёзилган.

Вилоятлар кесимида таҳлил қилинганда Сурхондарёда 71,9 минг тонна (26,5 фоиз), Фарғонада 37 минг тонна (15,5), Тошкентда 22,9 минг тонна (10,4); Жиззахда 7,7 минг тонна (3,7), Наманганда 2,6 минг тонна (1,3), Андижонда 0,821 минг тонна (0,3) пахта хом ашёси ҳақиқатда қабул қилинганга нисбатан кўп кўрсатилган.

«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг.