Молиявий фейр-плей қоидаларини бузганлиги учун Европа Чемпионлар Лигасидан икки мавсумга четлатилган «Манчестер Сити» Англия Премьер Лигасидан ҳам худди шунча муддатга ҳайдалиши мумкин, деб ёзмоқда Daily Star.

Фото: Reuters

Ҳар бир клуб янги мавсум олдидан АПЛдан лицензия олиш учун молиявий ҳисоботларни топширади.

«Англия футбол ассоциациясининг янги қоидаларига кўра, молиявий фейр-плей қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳолатга дуч келган ҳар қандай клуб иккинчи лигага тушириб юборилиши керак», — дейилади нашр хабарида.

Англияда Премьер Лига, Чемпионишип ва Лига 1 дан кейинги мусобақа Лига 2 деб юритилади. «Манчестер Сити» бу қоидалар сабаб нуфузи жиҳатдан 4-ўринда турувчи Лига 2 га тушириб юборилиши мумкин.

«Шаҳарликлар»га қўшимча санкциялар ҳам хавф солиб турибди. Жумладан, 2013/14 йилги мавсум чемпионлигидан маҳрум этилиши кутилмоқда. Ўшанда «Сити» «Ливерпуль»ни 2 очкога орттирган ҳолда Англия чемпиони бўлганди.

2011/12 йилги мавсум чемпионлиги ҳам бекор қилиниши мумкин. Бироқ бунинг имконияти ҳозирча жуда паст баҳоланмоқда.

Қайд этиш жоиз, 15 февраль, шанба куни клуб директори Ферран Сориано жамоанинг барча футболчилари билан йиғилиш ўтказган. Сориано ушбу иш бўйича клуб айбдор эмаслигини исботлувчи, рад этиб бўлмас далиллари борлигини маълум қилиб, клуб бу борада Халқаро арбитраж судига мурожаат қилишини айтган.