Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари — парламентдаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани «Халқобод» маҳалласида 14 февраль, жума куни, аҳоли ва ҳокимият вакиллари ўртасида юз берган зиддиятли ҳолатга муносабат билдирди. Депутатнинг фикри, кейинчалик унинг Facebook’да фойдаланувчилар билан мунозарага киришиши муҳокамаларга сабаб бўлди.

Депутат Олтинсойда юз берган воқеага муносабат билдираркан, ҳодисани «бир гуруҳ фуқаролар томонидан амалга оширилган қўпол қонун бузилиши, жамоат тартибига путур етказиш ҳаракатлари» деб таърифлаган, жиноят деб атаган. Шунингдек, у «айбдорларга кескин жазо белгиланиши керак»лигини таъкидлаган.

Алишер Қодиров.

Фото: Мадина Нурман/«Дарё»

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида бир гуруҳ фуқаролар томонидан амалга оширилган қўпол қонун бузилиши, жамоат тартибига путур етказиш ҳаракатлари қонунларимизга ҳам, қадриятларимизга ҳам зид бўлган жиноят сифатида баҳоланиши керак.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон манфаатлари устуворлиги, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, турмуш шароитларини ўзгартириш мақсадида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар асло мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашга тўсқинлик қилмайди. Зеро, қонун устувор бўлган давлатлардагина халққа самарали хизмат қилиш мумкин.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ушбу жиноят очиқ тергов қилиниши ва айбдорларга кескин жазо белгиланиши керак.

Алишер Қодиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Олтинсойдаги воқеа юзасидан шу вақтгача асосан расмий доира (Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура) вакилларининг муносабатлари эълон қилингани, жамоатчилик вакиллари расмийларнинг ушбу баёнотларини шубҳа остига олаётган бир вақтда халқ вакилининг «айбдорларни кескин жазолаш» талаби билан эълон қилган пости бир қатор фойдаланувчиларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Депутат ушбу эътирозларга бирма-бир жавоб беришга уринган.

«Энг осон йўл — бу халқни айбдор қилиш», деб изоҳ қолдирган фойдаланувчига жавобан депутат шундай деган: «Оддий халқ милицияни урмайди. Урган дақиқадан бошлаб, у оддий халқ бўлмайди! Айблаш прокурорнинг ваколатидаги масала. Мен жамоа тартибини бузганларга кескинроқ чора белгилаш тарафдориман!».

Депутатдан ёшларнинг умидини сўндирмасликни сўраган фойдаланувчига жавоб бераркан, Алишер Қодиров, жумладан, шундай фикр билдирган: «Халқ номидан тўртта бебошнинг давлатга тош отишига ‘тўхта’ демасак, эртага нима бўлади. Ҳуқуқий маданиятни ўзгартирамиз: ноқонуний қурилиш — амнистия, зўравонлик — кўз юм, товламачига ўз қўли билан пул берган — давлат ҳисобидан қайтариб бер, ноқонуний ер ўзлаштириб ол — ҳоким айбдор... Биз қачон халқ бўламиз ўзи?! Қачон давлат бўламиз бу кетишда?!».

Яна бир фойдаланувчи: «Сиздан нима кутиш мумкин? Халқни айблаш осон. Ҳақиқий депутатлар сайланмагунча, шу аҳвол», деб фикр қолдирган. Депутат Қодировнинг бунга жавоби ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган: «Халқни айблаш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Халқ айблайди. Қози ҳам, амалдор ҳам халқ номидан иш қилади. Давлат хизматчисига куч ишлатиш мумкинмас. Халқ шундай қонунни маъқуллаган. Мен сизни умидвор қилмаганман, мендан ҳеч нарса кутманг. Сиз мени сайламагансиз, бундан кейин ҳам сайламайсиз... сайламасангиз ҳам майли. Фикрингиздан жуда ҳам таъсирланганим йўқ».

Бошқа бир фойдаланувчининг: «Э, сендек депутат бўлгандан кўра даладаги чўпон бўлган яхши!», деб ёзган комментига Алишер Қодиров шундай жавоб қайтарган: «Чўпон бўлишнинг яхшироқ эканлиги Пайғамбаримиз (с.а.в.) томонидан айтиб ўтилган. Сиз депутат бўлинг, мен чўпонликка кетаман».

Маълумот учун, Алишер Қодиров 2019 йилги парламент сайловида Жиззах вилоятидаги 36-Пахтакор сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган. У бир уринишда парламент депутатига айлана олмаган ягона партия етакчисига айланган эди.