Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши профилактик тадбирлар халқаро тиббий санитария қоидалар талаблари асосида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби маълум қилди.

Фото: ЎзА

Агентлик томонидан Россиянинг «Роспотребнадзор» хизмати тақдим этган коронавирус диагностикуми олиб келиниб, марказий ва ҳудудий вирусологик лабораторияларга тақсимлаб берилган. Бугунги кунда барча ҳудудий лабораторияларда ПСР ёрдамида коронавирусга текшириш йўлга қўйилган.

Коронавирус инфекциясини Ўзбекистон ҳудудига кириб келишини олдини олиш мақсадида ИИВ томонидан Хитойдан келаётган Ўзбекистон ва Хитой фуқароларининг рўйхати кунлик олиниш тизими йўлга қўйилган ва мазкур рўйхатда бўлган барча шахслар уй шароитида тиббий кузатув остига олинмоқда.

Ички ишлар вазирлиги томонидан жорий йилнинг январь ойидан 14 февралгача бўлган муддатда Хитойдан келган 4 305 нафар фуқаро рўйхати олинган, улардан 3 058 нафарда 14 кунлик тиббий кузатув даври якунланган бўлиб, бугунги кунда 634 нафар фуқаролар саломатлиги устидан тиббий назорат давом эттирилмоқда.

Фуқароларни яшаш жойидаги даволаш муассасаси ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, ҳарорати ўлчаниб, эпидемиологик кўрсатмалар бўлган ҳолларда коронавирусга лаборатория таҳлили ўтказилмоқда. Шу кунгача Хитойда бўлган 154 нафар фуқарода шамоллаш белгилари қайд этилиб, уларда коронавирусга лаборатория текширувлари ўтказилди ва коронавирус инкор этилди.

Ўзбекистонда Хитой билан жами 495 та қўшма корхона мавжуд бўлиб, уларда 2 845 нафар хитойлик ишламоқда. Хитойда Янги йил байрамини ўтказиб, Ўзбекистонга қайтиб келаётган хитойликларнинг (ўрта ҳисобда кунига 30—40 нафар) борадиган манзили аниқланиб, корхоналар ва меҳмонхоналарда келган кунидан бошлаб 14 кун мобайнида тиббий кузатувга олинмоқда.

«Ушбу шахслар орасида шамоллаш белгилари қайд этиладиган бўлса, ҳудудий тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимларида карантинга олиш учун шароитлар яратилган», — дейилади марказий штаб ахборотида.

Маълумот учун, 14 февраль куни Тошкент аэропортига хориждан 26 та рейс орқали 4 186 нафар, темирйўл орқали 5 та поездда жами 958 нафар шахс, шунингдек, давлат чегара божхона постлари орқали 1 828 та автотранспорт эгалари ва 33 937 нафар йўловчи термометриядан ўтказилди, шулардан 35 нафари Хитой фуқаролари ҳамда 22 нафари Хитойда ўқийдиган ўзбекистонлик талабалардир.

1—14 февраль кунлари давомида 451 нафар Хитой фуқароси Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ва улар ўртасида касаллик аниқланмаган (тиббий кузатув олиб борилмоқда). Бундан ташқари, 4—6 февраль кунлари Ўзбекистонга Хитойдан келган 584 нафар Ўзбекистон фуқароси «Бўстон», «Энергетик» санаторийлари ва 6-сонли шаҳар клиник шифохонасига жойлаштирилган бўлиб, улар ўртасида ҳам коронавирус аниқланмаган.

Айни вақтда, 14—15 февраль кунлари 6-сонли клиник шифохона ва «Энергетик» сиҳатгоҳига жойлаштирилган фуқаролар ва уларга хизмат кўрсатувчи ишчи-ходимлардан жами 389 та қайта лаборатория таҳлили учун намуна олинди. Коронавирус инфекциясига қарши курашиш тадбирлари давомида эпидемиологик кўрсатмага асосан 15 февралига қадар жами 1 352 та намуна коронавирус инфекциясига текширилди ва коронавирус инфекцияси аниқланмаган.