Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, кейинги пайтда фуқароларни алдаш ва фирибгарлик йўли билан уларга тегишли банк пластик карталаридан ноқонуний равишда пул ечиб олиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Вазирлик шу каби ҳолатларга мисоллар келтириб, фуқароларни огоҳликка чақирди (қайд этиш жоиз, қуйида келтирилаётган ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган).

Фото: «Дарё»

Биринчи мисол

2019 йил 15 декабрь куни Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида яшовчи фуқаро М.Б.нинг уяли телефонига Telegram мессенжеридаги «Jesco акцияси» гуруҳидан: «Сиз 75 минг сўм пул ютдингиз, пулни телефон рақамингизга ташлаб берамиз», деган мазмунда хабар келади.

Бу хабар орқали ҳуқуқбузарлар М.Б.нинг телефон рақами ва пластик карта рақамини аниқлаган. Шунинг учун ҳам унинг пластик картасига пул тушмаган, аксинча — 868 минг сўм пули ечиб олинган.

Иккинчи мисол

Фарғона туманида яшовчи фуқаро Б.А. туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида 2020 йилнинг 11 январь куни номаълум шахс соат тахминан 21:15 да унга тегишли пластик картасидан маълум миқдордаги пулни ноқонуний йўл билан ечиб олгани, номаълум шахсни аниқлаб, унга қонуний чора кўришни сўраган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида маълум бўлишича, фуқаро Б.А. 11 январь куни соат тахминан 21:11 да Самарқанд шаҳридаги хонадонида бўлган вақтида ўзига тегишли ошхона мебелини сотиш мақсадида унинг суратини интернет дўконига жойлаштирган. Кўп ўтмай унга абонент рақами Россияники бўлган шахс қўнғироқ қилган.

Нотаниш киши Б.А.га ошхона мебелини сотиб олишини, пулни эса пластик картага ўтказиб беришини айтиб, ундан пластик картасининг серия рақами ва SMS-хабаридаги кодни сўрайди. Табиийки, бегонага ишонган фуқаро чув тушган — унинг пластик картасидан 1,4 миллион сўмдан зиёд пул ечиб олинган.

«Фуқароларимиздан ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган турли акцияларга ишонмасликларини, ўзлари танимаган-билмаган шахсларга банк пластик картаси серия рақамлари ва кодларини айтмасликларини сўраб қоламиз», — дейилади вазирлик ахборотида.