Тайванда COVID-19 коронавирусига чалинган бемор вафот этди ва ушбу давлатда ҳам биринчи бор касалликнинг энг юқори босқичи кузатилди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениесининг Twitter’даги баёнотида маълум қилинган.

Фото: Focus Taiwan

Хабарга кўра, коронавирус 60 ёшли эркакни ҳаётдан олиб кетган, қурбон сўнгги вақтларда оролни тарк этмагани ҳақида маълумот берилган.

Шунингдек, Тайванда вирусга чалинган беморлар сафига яна икки нафар одам қўшилган. Сўнгги маълумотларга кўра, оролда вирусга йўлиққанлар сони 20 нафарга етган.

15 февраль, шанба куни коронавирус билан боғлиқ биринчи ўлим ҳолати Францияда қайд этилган. Мамлакатга январь ўрталарида Хитойнинг Хубэй провинциясидан келган 80 ёшли эркак вафот этганди. Аввалроқ Японияда ҳам коронавирус билан бўлиқ ўлим ҳолати кузатилган: 80 ёшли аёл Хитойнинг материк қисмидан ташқарида ушбу вирус келтириб чиқарган касаллик туфайли вафот этган учинчи қурбонга айланган.

Коронавирус 2019 йил декабрь ойи охирларида Ухань шаҳрида тарқалган. Кейинчалик Германия, Франция, Швеция, Финляндия, Бельгия, Испания, Италия, Канада, АҚШ, Россия, Япония, Сингапур, Малайзия, Непал, Австралия, Миср ва бошқа давлатларда ҳам коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кузатилган.

Хитой ҳукумати берган маълумотларга кўра, 16 февраль ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинган беморлар сони 68,5 минг нафарга етган. ХХРдан ташқарида 526 нафар одам касалликка йўлиққан бўлса, вирус туфайли ҳалок бўлганлар сони 1669 нафарни ташкил этган.

Барселонада ўтказилиши керак бўлган Жаҳон мобил конгресси коронавирус сабаб бекор қилинган. Мисрда коронавирусга йўлиқиш бўйича биринчи ҳолат кузатилган. Япониядаги саёҳат кемасида коронавирусни юқтириб олганлар сони 355 кишига етганди.