Сурхондарё вилояти маъмурий маркази Термиз шаҳрида янги қурилган кўп қаватли уйларнинг томи кучли шамол вақтида учиб кетди.

Ҳодиса оқибатлари акс этган видео 16 февраль, якшанба куни, ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Видеога олган фуқаро «бизнинг қурувчилар» ишини баҳолаб, айрим уйларнинг томи ёриткич устунларига осилиб қолганига эътибор қаратган.

Ҳодиса юзасидан ҳозирча расмийлар бирор изоҳ берганича йўқ.

Кучли шамоллар вақтида турар жой ва бошқа иншоотларнинг томлари учиб кетиши Ўзбекистонда камёб ҳодиса эмас. Масалан, 2019 йил 8 июнь куни Тошкентда юз берган кучли шамол оқибатида кўп қаватли уйлардан бирининг томи учиб тушганди.

14 май куни Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманида, 14 июнь куни эса Нукус шаҳри, Хўжайли, Шуманай, Тахиатош туманларида кучли шамол оқибатида уйларнинг томи учиб кетганди. Август ойида эса Самарқанднинг Оқдарё туманидаги «Обод қишлоқ» дастури доирасида таъмирдан чиқарилган уйлар томи учганди.

2018 йил октябрида Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида кузатилган кучли шамол оқибатида туман ҳокимлиги биноси томи учиб тушган, оқибатда икки киши ҳалок бўлган эди. Кейинроқ, 2019 йил майида Бухорода Ромитан тумани ҳокимлиги биноси томи ҳам учиб тушгани ҳақида хабар берилган эди.