COVID-19 турига мансуб хавфли коронавирусдан энг кўп талафот кўрган Хубэй провинцияси ҳукумати шаҳар ва қишлоқларда яшовчи фуқароларнинг ҳаракатланиши учун транспорт хизматларидан фойдаланишни чеклаб қўйиш ҳақида қарор чиқарди. Ушбу чора-тадбирлар ҳудудда инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилади, деб ёзмоқда «РБК».

Фото: Global Look Press

«Профилактика чоралари ва эпидемияни провинция ҳудудида назорат қилиш ҳал қилувчи паллага етиб келди, аммо вазият ҳали ҳам жиддийлигича қолмоқда. Инфекция манбаларини самарали бартараф қилиш, унинг тарқалишининг ва одамдан одамга юқишининг олдини олиш, коронавируснинг касалликкача етиб боришини бартараф қилиш учун ҳам профилактика ва назорат тадбирлари кучайтирилган», — дейилади ҳукумат баёнотида.

Йўлларда транспортда ҳаракатланиш фақат ўт ўчириш ва авариявий қутқарув ходимларига, тез ёрдам ва полиция, шунингдек, хизмат машиналари ва жамоат транспортига рухсат этилган. Фуқароларга ҳам ҳаракатланишнинг алоҳида режими жорий қилинган. Хусусан, Хубэйда яшовчи аҳоли эпидемия билан боғлиқ профилактика қоидаларига амал қилиши шарт.

«Жамоат жойларида тиббий ниқобларда юришда давом этиш, зарурат бўлмаса уйлардан чиқмаслик, иложи борича оммавий тадбирларда иштирок этмаслик тавсия қилинади», — дейилади провинция ҳукуматининг хабарида. Провинция аҳолисидан коронавирус белгилари кузатилганда тезкорлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш маслаҳат берилган.

Шунингдек, барча қишлоқлар, шаҳар ва қишлоқ ҳамжамиятлари, микрораёнлар, провинциянинг турар жой комплексларида фуқароларнинг ҳаракатланиши бўйича қатъий режим ўрнатилган. Бегона машиналарнинг ушбу ҳудудларга кириши тақиқлаб қўйилган.

Янги коронавирус 2019 йил декабрь ойи охирларида Хубэй провинциясининг марказий шаҳри ҳисобланмиш Уханда тарқалган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусни халқаро доирадаги фавқулодда ҳолат деб топган ва жуда кўп касаллик ўчоқларига эга эпидемия деб атаган.