Хитойнинг Хубэй провинциясида COVID-19 коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 1843 та янги ҳолат аниқланди. Касаллик қурбонлари сони эса 139 кишига кўпайди, дея хабар бермоқда соғлиқни сақлаш бўйича ҳудудий комиссия сайти.

Фото: Reuters

Шундай қилиб, провинция бўйича коронавирус билан хасталанган беморлар сони 56,2 минг кишидан ошиб кетди, ҳалок бўлганлар сони эса 1596 кишига етди. Ҳозирда 39 447 киши шифохонада даволанмоқда, улардан 1957 нафарининг аҳволи жуда оғир.

Янги турдаги коронавирус эпидемияси 2019 йил декабрида, Хубэй провинцияси маъмурий маркази Ухань шаҳрида бошланган эди. Кейинчалик Хитойнинг қолган барча ҳудудларида, шунингдек, АҚШ, Франция, Германия, Россия, Япония, Таиланд, Миср ва бошқа давлатларда ҳам ушбу касаллик қайд этилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 15 февраль ҳолатига кўра 50 580 киши ушбу касаллик билан хасталанган, шундан 50 054 киши хитойлик эди. Хитойдан ташқарида 526 та касалланиш ҳолати қайд этилган, шундан икки киши вафот этган. Хусусан, 15 февраль куни Францияда коронавирусдан вафот этиш билан боғлиқ Европадаги илк ҳолат қайд этилган эди. Ҳалок бўлган шахс Хубэйдан келган сайёҳ бўлиб, у январь охирида шифохонага ётқизилган эди.