Ягона интерактив давлат хизматлари порталида «Ҳаётий вазиятлар» бўлими ишга туширилди. Бу ҳақда 13 февраль, пайшанба куни, Абу Райхон Беруний номидаги республика Бизнес ва бошқарув олий мактаби биносида ўтган тақдимот ва брифингда маълум қилинди.

Foto: my.gov.uz

Фото: «My.gov.uz»

«My.gov.uz» порталида ишга туширилган «Ҳаётий вазиятлар» бўлими тақдимоти ўтказилди, бўлимда оммабоп давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар ҳаётий вазиятлар тематик блокларига гуруҳланган. Ҳозирги вақтда бўлим қуйидаги ҳаётий вазиятларни ўз ичига олган:

  • Фарзанд туғилиши — ҳомиладорлик бўйича рўйхатдан ўтиш, ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқиш, таътил муддати, суюнчи миқдори, туғруқхона хизматларидан фойдаланиш тартиби;
  • Меҳнат муносабатлари — иш қидиряпман, ишга киришда ҳужжат расмийлаштирилиши, ишсизлик нафақаси, малака ошириш ва қайта тайёрловдан ўтишда давлат хизматларидан фойдаланиш;
  • Оила қуриш ва оилани тугатиш — никоҳни расмийлаштириш, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузиш, никоҳ шартномаси ва уни тузиш, никоҳни бекор қилиш;
  • Пенсия расмийлаштириш ва уни олиш — иш стажи ҳисобланиши, тасдиқловчи ҳужжатлар, пенсияни бошқа турига ўзгартириш, ишловчи пенсионерга пенсия тўлови;
  • Яшаш жойида прописка қилиш ва рўйхатдан ўтиш — доимий пропискани олиш, пропискадан чиқиш, яшаш жойи бўйича вақтинча рўйхатга қўйиш;
  • Таълим — болани боғчага бериш, мактабга қабул қилиш, имтиёзлар, Президент мактаблари, олий ўқув юртига кириш, магистратурада ўқиш;
  • Ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси — ногиронликни расмийлаштириш, мезонлар, ногиронлиги бор шахслар учун нафақа, пенсия ва имтиёзлар.

Матбуот брифингида Ўзбекистон аҳолиси томонидан энг талабгир бўлган ҳаётий вазиятлардан иборат мазкур бўлим халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда ҳамда ЯИДХП фойдаланувчилари томонидан таклиф этилган оммавий хизматлар рейтинги таҳлиллари асосида ишлаб чиқилганлиги таъкидлаб ўтилди. Мазкур бўлимнинг ишга туширилиши аризачи муаммосини турли вазирлик ва идораларга мурожаат қилиш каби алоҳида қисмларга ажратмасдан яхлит тарзда ҳал қилиш имконини беради.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги

Давлат хизматларини «ҳаётий вазиятлар» бўйича гуруҳлаштириш амалиёти дунё мамлакатларида кенг тарқалган. Масалан, Канада ва АҚШ (17 та ҳаётий вазият), Буюк Британия (16), Австралия ва ЖАР (14), Франция (11), Россия (9) ва Эстония (6) порталларида ушбу принцип қўлланилган. Ушбу мамлакатларда «фарзанд туғилиши», «нафақага чиқиш», «иш излаш», «ўлим» каби ҳаётий вазиятлар тақдим этилган.