Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси Марк Цукерберг интернетда тарқалаётган зарарли контентни назорат қилиш таклифини билдирди, деб хабар қилади Reuters.

Фото: The Indian Express

«Ўйлашимча, зарарли контент назоратга олиниши керак… Бунинг учун сиз қандай асосдан фойдаланасиз деган савол юзага келмоқда», — дейди Мюнхендаги хавфсизлик анжуманида нутқ сўзлаган Цукерберг.

Унинг фикрича, ижтимоий тармоқлар ОАВ ва телекоммуникация компаниялари ўртасида жойлашган маълум бир тизим томонидан назорат қилиниши керак. Цукербергнинг таъкидлашича, телеком шунчаки маълумотларни узатади, «бироқ телефон орқали кимдир ёмон нарса ҳақида гапирса, сиз операторни жавобгарликка торта олмайсиз».

«Ўйлашимча, биз ўртада бўлишимиз керак», — дейди Facebook асосчиси.

Цукербергнинг қўшимча қилишича, Facebook’да ижтимоий тармоқ контентини кузатиб борувчи 35 минг ходим бор. Компания ходимлари ва автоматлаштирилган тизимлар ҳар куни миллиондан ортиқ сохта аккаунтларни блоклайди.