18 февраль санаси астрономия тарихида муҳим аҳамиятга эга. Айнан шу санада дастлаб Қуёш тизимининг тўққизинчи сайёраси деб тан олиниб, сўнг сайёралик мақомидан туширилган Плутон митти сайёраси кашф қилинган.

«Дарё» колумнисти, физик олим Музаффар Қосимов ушбу кашфиёт ҳақида ҳикоя қилади.

1846 йилда математика фани илм-фан оламида фурор кўтарди. Шу йилнинг 23 сентябрида Берлин расадхонасида Иоганн Галле исмли астроном бундан бир йил аввал фаранг математиги Урбан Левере томонидан «қалам учида», яъни соф математик ҳисоб-китоб воситасида кашф қилинган Нептун сайёрасини телескопда кўришга муваффақ бўлди. Бу илм-фаннинг ғоят катта ютуғи эди. У Уран сайёрасига кўрсатаётган гравитацион таъсирларига кўра, соф математик ҳисоблаш эвазига очилган эди. Нептун саноқ ҳисобида Қуёш тизимининг саккизинчи сайёраси бўлган эди.

Фото: NASA

Нептун кашф этилгач, кўплаб астрономлар ёппасига уни кузатишга киришди. Вақт ўтган сари энди унинг ўзига ҳам яна қандайдир номаълум жисм гравитацияси таъсир қилаётгани ойдинлашиб борди. Бу астрономларни ундан ҳам нарида яна бир йирик сайёра бўлса керак деган фикрга бошлаб борди. Оқибатда бутун дунё бўйлаб катта ва кичик расадхоналарда профессионал ва ҳаваскор астрономлар энди Нептундан ҳам нарида жойлашган тўққизинчи сайёрани излашга тушди. Ахир шундай йирик илмий кашфиёт қилиб, номини тарихга муҳрлашни ким ҳам истамайди дейсиз?

Бироқ жуда узоқ вақт мобайнида ҳеч ким тўққизинчи сайёрани топа олмади. Даставвал ўша сайёра топилиши фақат вақт масаласи деб қараган илм-фан намояндаларининг аксарияти вақт ўтгани сайин энди тўққизинчи сайёра аслида йўқ бўлса керак деган фикрга бориб қолди. Тадқиқотларга қайта қизиқиш уйғотиш мақсадида 1906 йилда бостонлик Персиваль Лоуэлл исмли бойвачча шахсий расадхонасида тўққизинчи сайёрани қидиришга оид катта лойиҳани эълон қилди. У албатта йирик мукофот ажратиш билан бирга жараённинг барча сарф-харажатларини қоплашга тайёр эди. Лоуэлл ҳали аниқланмаган тўққизинчи сайёрага математикадаги номаълум белгиси – х билан боғлаб, «х-сайёра» деб шартли ном берди.

Х-сайёрани қидириш ишлари Лоуэлл расадхонасида 1916 йилгача давом этди. Бироқ 1916 йил ноябрида Лоуэлл вафот этди ва изланишларни молиялаштириш вақтинча тўхтаб қолди. Боз устига, унинг беваси меросдан ўзига бир миллион доллар ажратилиши талаб қилиб, расадхона маъмуриятини судма-суд сарсон қилди. Шу сабабли х-сайёрани излаш ишлари 1929 йилгача қайта янгиланмади.

1929 йилга келиб марҳум Лоуэллнинг дўсти ва расадхона директори тўққизинчи сайёрани излашни янгидан бошлашга қарор қилди ва бу иш учун ёш, ғайратли астрономларни жалб қилишни маъқул топади. Чунки муайян осмон жисмини қидириш, кўпинча туни билан мижжа қоқмай расадхонада, телескоп қаршисида ўтириб осмонни кузатишни талаб қилади. Айниқса қидирилаётган нарсанинг ўзи ҳали бор-йўқлиги мавҳум бўлса, унинг на координаталари ва на параметрларини ҳеч ким билмаса, бу янада мушкул вазифага айланади. Қисқасини айтганда, бу ҳамманинг ҳам тоқати етадиган иш эмас.

1929 йилда х-сайёрани қидиришни янгилаш чоғида Лоуэлл расадхонаси раҳбарлари Канзаслик 23 ёшли йигитча Клайд Томбо билан танишиб қолди ва унга лойиҳада иштирок этишни таклиф қилди. Бу пайтда Томбо, жуда ёш бўлишига қарамай, астрономиядан чуқур билимга эгалиги ва осмон харитасини қўлда бемалол чиза олиши туфайли уларни ҳайратга солган эди.

Томбо расадхонага ишга киргач, ишни тунги осмонни телескоп воситасида систематик фотосуратга туширишдан бошлади. У осмоннинг маълум бир қисмини ҳар куни кечаси уч мартадан суратга олар ва кейин суратларни кетма-кет қўйиб, ундан бошқа юлдузлар фонида ўз жойини ўзгартираётган объектни излар эди. Ғояга кўра, ўша номаълум сайёра ўз орбитаси бўйлаб ҳаракати асносида бир неча кун ичида юлдузлар фонида маълум оралиққа силжиши ва фотокамера буни қайд этиши керак эди.

У деярли бир йил шу йўсин ишни давом эттирди ва ниҳоят 1930 йилнинг январь ойида олган суратларида жойини ўзгартираётган объектни пайқаб қолди. У ўша йилнинг 18-ферврал куни 21 январидан 29 январигача бўлган кунларда олган суратларини кетма-кет ёйиб чиққач, ҳаммаси аён бўлди. Тўққизинчи сайёра ҳақиқатан ҳам мавжуд экан – Томбо уни кашф қилган эди.

Кашфиёт ҳақида орадан икки ҳафта ўтиб, 13 март санасида, яъни Лоуэллнинг туғилган кунида оммага эълон қилишди. Томбонинг шуҳрати газеталар орқали оламга ёйилди. У қатор мукофот ва медалларга сазовор бўлди. Кашф қилинган янги сайёрага эса оксфордлик Венеция Берни исмли 11 ёшли ўқувчи қизнинг таклифи билан юнон мифологиясидан келиб чиқиб Плутон деб ном берилди. Ушбу ном 1930 йилнинг 1 май санасидан эътиборан расман қабул қилинди. Плутон – юнон мифологиясида ер ости зимистон салтанати маъбудларидан бирининг номи.

Плутон кашф қилингач, узоқ йиллар мобайнида Қуёш тизимининг тўққизинчи сайёраси сифатида эътироф этиб келинди. Ҳатто 2000 йиллар бошида чоп этилган дарсликларда ҳам Плутон тўққизинчи сайёра деб кўрсатилган. Бироқ 2005 йилда Плутон жойлашган ҳудудда унинг сингари ўлчам ва массага эга объектлар бир нечта экани аниқланди. Қолаверса, Плутоннинг ўзи бошқа сайёраларга ўхшамасди. У ҳажман жуда кичик бўлиб, ҳатто айрим табиий йўлдошлар ҳам ундан каттароқдир. Шу сабабли 2006 йилдан эътиборан Халқаро астрономия иттифоқининг махсус қарорига кўра Плутон эндиликда сайёра деб эътироф этилмаётир. У ва у каби йирик сайёралардан фарқ қиладиган кичик ҳажмли осмон жисмлари учун махсус термин – «митти сайёра» тушунчаси киритилди. Шу жиҳатдан айтиш мумкинки, Плутон ўз мақомидан пасайтирилди ва катта сайёралар сафидан «қувилди». У эндиликда митти сайёралар ичида энг каттаси ҳисобланади.

Плутоннинг бешта табиий йўлдоши аниқланган. Улардан энг каттаси Харон – Плутон билан қўшалоқ сайёра феноменини ҳосил қилади (яъни аслида Харон Плутон атрофида айланмайди, балки улар иккаласи умумий массалар маркази атрофида айланади). Плутоннинг энг аниқ ва тиниқ тасвирлари 2015 йилда унга New Horizons автомат космик станция яқинлашганда олинган. Қуйида ушбу суратлардан энг асосийси ва муҳим тасвирланган:

Фото: NASA

Плутон ҳақида қизиқ фактлар:

  • 2006 йилда Плутон ўз мақомидан туширилгач, инглиз тилида янги феъл – to pluto пайдо бўлди. У мавқеи мажбуран пасайтирилган шахсларга нисбатан ҳазиломуз қўлланади. Масалан, зобитлар унвони бўйича пасайтирилса, шу феъл билан ҳазил қилишади;
  • 2015 йилда Плутонга яқинлашган New Ҳоризонс автомат космик станцияси бортида Плутонни кашф қилган олим Клайд Томбонинг хоки жўнатилган эди;
  • 1930 йилларда Плутон кашф қилинганидан кейин экранларга чиққан Disney мультфильмларида пайдо бўлган Плуто номли кучукнинг исми шу митти сайёра шарафига номланган;
  • Шунингдек, Плутондан бироз ўтиб кашф қилинган радиоактив кимёвий элемент – плутоний ҳам ўз номини Плутондан олган.