1965 йил 21 февраль куни америкалик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, сиёсий арбоб Малкольм Х номи билан танилган ал-Ҳожи Малик аш-Шабоз ўлдириб кетилди. «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Остонов  Малкольм Х кимлиги, нега ўлдириб кетилгани, унинг фаолияти қандай кечгани ҳақидаги саволларга анъанавий тарих рукнида маълумот беради.

Оиласи

АҚШда қора танлилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан фаоллардан бири бўлган Малкольм Х 1925 йил 19 май куни Омаха шаҳрида дунёга келган. Отаси Эрл Литл баптистларнинг даъватчиларидан бўлган. Онаси эса Луиза Литл. Малкольмнинг ота-онаси ҳам Америкадаги қора танли фуқаролар ҳуқуқлари учун курашган фаоллардан ҳисобланади.

Фото: Wikipedia

1931 йил, олти ёшида Малкольм отасидан айрилади. Отаси Эрл Литл трамвай босиб кетиши оқибатида ҳалок бўлади. Аммо ўша пайтда бу воқеа қора танли аҳоли орасида ҳар хил шубҳаларни пайдо бўлишига сабаб бўлади. Кейинчалик Малкольм оиласининг Ку-кукс-кланга алоқадор Black Legion (қора легион) деб аталган гуруҳ аъзолари томонидан таъқибга учраганини маълум қилади. Онаси эса эрининг ўлимига бардош бера олмайди: хаста бўлиб қолиши оқибатида Мичигандаги руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилади ва у ердан 1963 йилга келибгина чиқишга муваффақ бўлади.

Оқлар орасида таълим олган қора танли

Малкольм оқ танлилар орасига интеграциялашган кам сонли қора танлилардан эди. Синфдошлари ичида етакчи бўлган Малкольмнинг таълимни ташлаб кетишига ўқитувчисининг қора танлилар учун адвокат бўлишга йўл йўқлиги ҳақидаги сўзлари бўлади. Чунки у адвокат бўлишни орзу қилар эди. Ўқитувчиси у Қўшма Штатлардаги тузумнинг ирқчилик қурбони бўлишини истамагани учун ҳам уни бу фикридан қайтарган эди. Ўқитувчиси унга дурадгор бўлишни таклиф қилади. Аммо буни рад этиб, ташқи кўринишини ўзгартиришга ҳаракат қилиб кўради. Бу ҳам натижа бермайди.

Узоқ дарбадарлик, қамоққа тушишлардан кейин Бостонга, ўгай опасининг ёнига кўчиб кетади. 1942 йилда Бостон жиноятчиликка қадам қўяди. Жиноят олами катталаридан бири билан душманлик сабабидан оқ танли София билан Бостондан қочиб кетишга мажбур бўлади.

Жиноят оламидаги фаолияти ва қамоққа олиниши

1943 йилдан 1946 йилгача Бостон ва Нью-Йоркка уч марта бориб келади. Бостондан қочиб, Мичиган штатида бироз яшагандан сўнг Нью-Йоркка кўчади. Темир йўлда ишлаш билан бирга тунги клублар олдида оёқ кийимларни тозаловчи бўлиб ишлай бошлайди. У хотираларида машҳур мусиқачи Дюк Эллингтоннинг оёқ кийимларини тозалаганини ҳам айтиб ўтган.

Фото: Wikipedia

Бироз муддатдан сўнг Гарлемда гиёҳванд моддалар савдоси, рекетлик, ўғрилик каби жиноятларни қилиб юради. 1946 йилда қамоққа олинган Малкольм бир қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинади. Жазо муддатининг етти йилини ўтайди.

Қамоқхонадаги таълим ва «Ислом уммати» билан танишуви

Католик динига нисбатан қаттиқ нафрати учун Малкольм қамоқхонада Satan, яъни «Шайтон» деган ном олди. Шу даврда у қамоқхона кутубхонасидан фойдаланиб жуда кўплаб китобларни ўқиб борди. Таълим ҳақида айтган баъзи фикрларини унинг фаолиятига қизиққан кишилар ёзиб қолдирганлар. Шулардан бири: «Таълимсиз бу дунёда ҳеч қаерга бориб бўлмайди». Яна бир фикрида у шундай дейди: «Таълим келажак учун паспорт, чунки эртанинг эгаси, бугун тайёргарлик кўрганларникидир».

Унинг ислом дини билан илк танишуви ҳам айнан қамоқхонада юрган пайтларига тўғри келади. Акаси Режиналд билан қилган мулоқотлари чоғида Nation of Islam (Ислом уммати) ташкилоти ҳақида хабар топади. Ташкилотга аъзо ака-укаларининг тавсияси билан у ҳам ташкилотга аъзо бўлиб киради. Ўз вақтида ушбу ташкилот Чикагода асос солинган кичик бир жамоадан иборат эди. Ташкилотнинг уч асосий ғояси мавжуд: исломнинг ўта прогрессив шаклини тарғиб қилиш, қора танли миллатчилик ва оқ танлилардан воз кечиш. Жамият фикрича, оқ танлилар шайтоннинг Ер юзидаги тимсолидир.

Муддатидан беш йил олдин озод қилиниши кутилган Малкольм ҳукуматдагиларнинг хавотирлари сабабли қамоқда яна озроқ қолишга мажбур бўлади. Чунки унинг маҳбуслар орасида обрўси жуда юқори эди. Шу сабабли раҳбарлар унда потенциал хавф бор деб ҳисоблар эди.

Аммо опасининг саъй-ҳаракатлари Чарлестон қамоқхонасидан яхшироқ ва бой кутубхонага эга бўлган Норфолк қамоқхонасига кўчирилади. Кейинчалик қамоқхонада ўтган дамлари ҳақида эслар экан, Малкольм шундай деган эди: «Ойлар ўтаверди, лекин мен ўзимни қамоқхонадагидек ҳис қилмай қўйган эдим. Чунки ўша пайтгача ҳаётимда бунчалик ўзимни эркин ҳис қилган эмасман».

1952 йил 7 август куни Малкольм озодликка чиқди.

Nation of Islam

Озодликка чиққанидан кейин ташкилот раҳбари Элайжа Муҳаммад билан учрашиш учун Чикагога боради. Ташкилотга тўлиқ аъзолик ҳам ана шу пайтга тўғри келади. Ташкилотга аъзо бўлган Малкольм Литл бундан буён ўзини Малкольм Х деб атай бошлайди. Бу фамилияни танлашига сабаб қуллик даври фамилиясидан қутилиш эди. Шунингдек, Х номаълумлик белгиси бўлиб, унинг ҳақиқий африканча фамилиясининг номаълумлигини ҳам билдириб турарди. Ундан кейин ташкилотга аъзо бўлган баъзи кишилар, шунингдек, рафиқаси Бети ҳам ўзларига Х фамилиясини танлайди.

Фото: Wikipedia

1953 йилда ФҚБ унга қарши иккита хат юзасидан иш очади. 1950 йилда ёзилган хатларда у ўзини коммунист дея эътироф этган эди. Бу воқеа Red Scare (Қизиллардан қўрқув) даврига тўғри келган эди. Мактублар орасида Малачи Шабоз имзоли мактублар ҳам бор эди. Ташкилот раҳбари Элайжа Муҳаммаднинг сўзларига кўра Шабоз номи Осиёда яшаган қора танли халқ номидан олинган.

Малкольмнинг коммунистлиги борасидаги даъво ўзининг исботини топмайди. Аммо унинг ирқчи ташкилотга аъзо экани суриштирувларга сабаб бўлади. 1953 йилда ФҚБ уни параноик деб эълон қилади.

Шу йили Чикагога кўчиб келган Малкольм ташкилотнинг энг муҳим шахсларидан бирига айланади. Жуда кўп китоб ўқир, кам ухлар эди. Оммани ўзига қарата олиш қобилиятига эга бўлган Малкольм телевидениедаги ташкилот фаолиятига бағишланган «Нафрат яратган нафрат» дастуридан сўнг бутун мамлакатга танилади. Унинг чиқишлари, мақолалари, нутқлари бутун АҚШ матбуоти, радиоси ва телевидениесида намойиш этиладиган бўлади. Кўп ўтмай у бутун дунёга танилади. 500 кишидан иборат ташкилот аъзолари Малкольмнинг ҳаракатлари туфайли 1963 йилда 30 минг кишига етади.

Унинг оқ танлиларга нисбатан нафрати ўта кескин эди. Fruit of Islam номли қуролли ташкилот ҳам тузиб, 1957 йилда бир полиция идораси ва шифохонага ҳужум уюштиради. Кеннедининг ўлимидан хурсанд бўлгани ҳам унинг чиқишларидан маълум.

Муҳаммад Али ва Фидель Кастро билан алоқалари

1964 йил 25 февраль куни афсонавий Кассиус Клей ўзининг навбатдаги жангини ўтказаётган эди. Рақиб Сонни Листон. Ринг четида эси унинг дўсти Малкольм Х кузатиб турарди. Жангнинг 7-раундигача очколар бўйича ортда бораётган Клей ушбу раундда рақибини нокаутга учратиб ғалаба қозонади. Шунда Малкольм Клейда бир илоҳий куч сезади. Жангнинг эртаси куни одатий матбуот анжуманида Кассиус Клей исломни қабул қилганини эълон қилади ва исмини Малкольм Х ҳурматидан Кассиус Х’га ўзгартиради. Шу йили Nation of Islam’га аъзо бўлади ва ташкилот раҳбарининг тавсияси билан исмини Муҳаммад Алига алмаштиради. Кейинчалик Малкольмнинг ташкилот билан алоқаларини узиб, унинг суннийлик мазҳабига ўтиб кетганини қоралаган Алининг ўзи ҳам унинг ортидан ташкилотдан чиқади ва суннийликка ўтади.

Фото: Wikipedia

1960 йилги БМТ сессиясида қатнашиш учун келган Куба инқилобий қўмитаси раиси Фидель Кастро унга тайёрлаб қўйилган меҳмонхонанинг тўлов пулини олдиндан талаб қилиши ортидан Гарлемдаги бошқа меҳмонхонага кўчади. У ерда уни Африкадан келадиган қора танли давлат делегацияларини қабул қилиш гуруҳи раҳбари бўлган Малкольм Х кутиб олади. Унинг Кастро билан учрашуви шу тариқа юз беради.

Ташкилотдан чиқиши ва анъанавий сунний мазҳабига ўтиши

60-йиллар бошида Малкольм ва Элайжа Муҳаммад орасига совуқчилик туша бошлайди. Бунга сабаб қарашларининг қарама-қарши тус ола бошлаши эди.

Фундаментал қарама-қаршилик сиёсий сабаблар ила юзага келади. Малкольм сиёсий курашлар билан динни қориштирмаслик ва бошқа мусулмон бўлмаган қора танлилар билан бирлашиш тарафдори эди.

Иккинчи сабаб ахлоқий қарашлар эди. Элайжа Муҳаммаднинг ўз котибалари билан жинсий муносабатлари ҳақида гап-сўзлар урчий бошлайди. Ҳатто унинг ўғли Ворисиддин Муҳаммад отасининг олти нафар котибасини ҳомиладор қилгани ҳақида дўсти Малкольмга айтиб беради. Зино ташкилот таълимотига зид эди.

Гап-сўзлар ўз тасдиғини топади. Элайжа Муҳаммад худо юборган пайғамбар эканини ва қолганларга тегишли қоидалар унга тегишли эмаслигини айтиш билан қилмишларини тасдиқлайди.

Учинчи қарама-қаршилик дин туфайли эди. Энди Малкольм Ворисиддин Муҳаммад туфайли анъанавий сунний исломга қизиқа бошлайди. Қамоқдалигида қизиқиши бошланган бу йўналиш Элайжа Муҳаммад даъватлари билан унутилиб кетган эди.

Булардан ташқари, манфаатлар тўқнашуви юз бергани ҳақидаги қарашлар ҳам мавжуд.

Шундай қилиб, 1964 йил 8 март куни Малкольм Х ташкилотдан чиққанини расман эълон қилади.

Анъанавий сунний йўналишига ўтганидан кейин Малкольм 1964 йил 13 апрель куни Макка шаҳрига Ҳаж сафарига отланади ва у ердан Малик Шабоз бўлиб қайтади. Шундан кейин унинг рафиқаси ва фарзандлари Шабоз фамилиясини олади.

Маккадан қайтганидан кейин у Nation of Islam’нинг оқ танлиларга қарши ирқчилик сиёсатини қоралайди. Ҳаж сафари ҳақида сўзлар экан, у шундай дейди: «У ерда дунёнинг турли бурчакларидан келган ўн мингларча одам бор эди. Барча турдаги одамларни кўрдим, оқдан тортиб африкалик қорагача. Мен у ерда Америкада кўришга ишонмаган оқлар ва қоралар ўртасидаги бирлик, биродарликни кўрдим. Америка исломни тушуниши керак. Чунки унинг ирқчилик билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиб бероладиган ягона дин бу исломдир».

Шунга қарамай, у Америкада қора танли фуқаролар ҳуқуқлари учун курашда давом этди. Шундай курашлар йўлида янги бир ташкилот тузди. 1964 йил 28 июнда Organization of Afro-American Unity ташкилотини тузди. Аммо бу ташкилот унинг ўлимидан сўнг тарқалиб кетди.

Вафоти

Nation of Islam ва Малкольм ўртасидаги таранглик кучайиб бораверади. Ҳатто унинг уйига бомба ташлаб кетишади.

Шундай хуружлардан тирик қолган Малкольм 1965 йилнинг 21 февраль куни Гарлемда 400 киши олдида нутқ сўзлаб турган пайтида номаълум шахслар томонидан отиб кетилади. Уни ўлдирганлар ким экани номаълумлигича қолади. Барча шубҳа Nation of Islam ташилотига тушади. 1966 йилда ташкилотнинг уч нафар аъзоси: Норман 3Х Батлер, Томас 15Х Жонсон ва Талмаж Хайерлар айбдор деб топилади. Аммо ташкилот буни тан олмайди. Қора танлилар ҳуқуқлари ҳимоячилари даҳоларидан бири Мартин Лютер Кинг унинг ўлимини «катта фожиа» деб атайди ва «дунё йирик бир потенциал лидеридан айрилганини» айтади.

Малкольмнинг олти нафар  қизи бўлиб, унинг қабри Нью-Йоркнинг Вестчестер графлигидаги Фернклиф қабристонида, рафиқаси Бети Шабоз билан ёнма-ён жойлашган.