2020 йилнинг 5—6 март кунлари ўтказилиши режалаштирилган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми кузга қолдирилгани ҳақида хабар берилган эди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида 21 февраль, жума куни, бўлиб ўтган матбуот брифингида мазкур тадбирнинг қолдирилиши расман маълум қилинди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Вазирлик томонидан маълум қилинишича, халқаро форум 2020 йилнинг ноябрь ойига қолдирилган. Бу қарор форум қатнашчилари, шу жумладан, хорижий меҳмонлар ва Ўзбекистон фуқаролари орасида коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар сабабли қабул қилинган.

Қайд этилишича, ҳозирги кунга қадар форумда қатнашиш учун дунёнинг 63 та мамлакатидан 1706 киши рўйхатдан ўтган. Ташкилий қўмита томонидан рўйхатдан ўтган шахсларни ўзгаришлар бўйича хабардор қилиш ишлари ташкил этилади.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Коронавирус сабабли дунё миқёсида ўтказилиши режалаштирилган бир қатор тадбирлар ҳам қолдирилгани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, 12−14 февраль кунлари Сочида ўтказилиши режалаштирилган Россия инвестиция форуми ҳам худди шу сабаб билан номаълум муддатга қолдирилган. Футзал бўйича Осиё чемпионати коронавирус сабаб номаълум муддатга қолдирилди. Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати Ўзбекистонга кўчирилди.