Хитой коронавируси

Хитойда ўтган бир сутка давомида 899 киши коронавирус билан касалланди, вафот этганлар сони эса 118 кишини ташкил этмоқда. Мамлакатда коронавирус билан касалланганларнинг жами сони 75 465 кишига етган, вафот этганлар сони эса 2236 нафарни ташкил этмоқда. Шунингдек, яна 28 804 киши коронавирусдан даволанишга муваффақ бўлган. 19 февраль, чоршанба куни, Хитойда коронавирус билан касалланганлар сони 23 январдан буён энг паст кўрсаткични қайд этган эди.

Маълумотларга кўра, Жанубий Кореяда ҳам COVID-19 коронавирусига чалинган бемор вафот этган. 19 февраль куни Эрон ҳукумати вакиллари мамлакатда икки нафар одамнинг коронавирус оқибатида вафот этганини тасдиқлаган. Diamond Princess кемасидаги икки киши коронавирус оқибатида вафот этгани маълум қилинган. Шунингдек, кемадан эвакуация қилинган икки нафар Австралия фуқаросида коронавирус аниқланган. Уларнинг иккови ҳам япониялик 87 ёшли эркак ва 84 ёшли аёл. Аввал Францияда хитойлик 80 ёшли сайёҳ оламдан ўтган, Японияда 80 ёшли аёл коронавирус қурбонига айланган, Тайванда эса коронавирус 60 ёшли эркакни ҳаётдан олиб кетганди.

Фото: «РБК»

Хитойнинг Шаньдун провинцияси Цзинин шаҳрида жойлашган Жэньчэн қамоқхонасида коронавирус инфекцияси билан оммавий касалланиш ҳолати аниқланди. Сўнгги маълумотларга кўра, мутахассислар қамоқхонада 207 та касалланиш ҳолатини қайд этган. Коронавирус ташхиси тасдиқланган барча шахслар изоляцияга олинган ва уларни даволаш ишлари бошлаб юборилган.

Хитой фан ва техника вазири ўринбосари Сюй Наньпин хитойлик олимлар янги турдаги COVID-19 коронавирусига қарши яратилаётган вакцинани клиник синовларга икки ойдан кейингина тайёрлай олиши мумкинлигини маълум қилди.

Фото: «РБК»

Россия иқтисодиёти коронавирус эпидемияси сабабли Хитой билан товар айирбошлаш камайгани туфайли ҳар куни қарийб миллиард рубль йўқотмоқда. Бу ҳақда Россия молия вазири Антон Силуанов «РБК»га берган интервьюсида маълум қилган. «Бу пул, бу меҳмонхоналар, транспортнинг юкланиши чакана савдода қўшимча даромадлардир. Авиаташувчилар бонг урмоқда. Барча бундан зарар кўрмоқда», — деган Силуанов.

Аввалроқ Россия бош вазири Михаил Мишустин Хитой фуқароларининг мамлакат ҳудудига киришини вақтинча тақиқловчи фармойишни имзолагани, бунинг ортидан эса Россия туризм бизнеси миллиардлаб рубль зарар кўриши ҳақида хабар берилганди.

Ўзбекистонда вазият бошқача: «Коронавирус эпидемиясига қарамай Ўзбекистонга келаётган хитойлик сайёҳлар сони ошди», – деб хабар бермоқда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси. Аввалроқ коронавирус сабаб Ўзбекистон хитойлик сайёҳларнинг бир қисмини йўқотиши мумкинлиги, боиси хитойликларга хорижий тур-пакетлар сотиб олиш ва чет элда меҳмонхоналарни брон қилиш тақиқлангани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга доир: Хитой авиакомпаниялари коронавирус туфайли 80 мингга яқин рейсни бекор қилди

Коронавирус 12 йил ичида биринчи марта авиаташувларнинг камайишига сабаб бўлиши маълум қилинди. Тахминларга кўра, вирус сабаб жаҳон авиация трафиги 4,7 фоизга тушиб кетади. Бу эса жами йўловчилар оқимининг 2008 йили содир бўлган молиявий инқироздан бери кузатиладиган биринчи марта пасайиши бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, йўловчилар оқимининг камайиши оқибатида авиакомпаниялар 29,3 миллиард доллар йўқотади.

Ўзбекистонда нима гап?

ЎзЛиДеП етакчиси Актам Ҳайитов ҳамкасби, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодировнинг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган шов-шувли баёнотига муносабат билдирди.

Унга битта одам овоз берганми ё иккита, фарқи йўқ — ҳурмат қилиш керак. Сурхондарёликлар Алишер Қодировни сайламаган бўлса ҳам, партиясидан кимнидир сайлаган бўлиши мумкин. Ҳар бир сайловчи депутатдан ҳар бир саволига жавоб олишга ҳақли. Унга сиз мени сайламагансиз дейиш тўғри деб ўйламайман.

ЎзЛиДеП етакчиси Актам Ҳайитов

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарёнинг Олтинсой туманида 14 февраль, жума куни маҳаллий аҳоли ва ҳокимият вакиллари ўртасида юз берган тўқнашувга муносабат билдираркан, депутат Алишер Қодиров ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида олтинсойлик «бебош фуқароларни кескин жазолаш» лозимлиги ҳақида пост қолдирганди. Депутатнинг бу фикрлари муҳокамаларга сабаб бўлди, ушбу муҳокамалар жараёнида фойдаланувчиларнинг фикрларига жавоб қайтараркан, депутат бир ўринда: «Сиз мени сайламагансиз, мендан ҳеч нарса кутманг», деган мазмунда жавоб қайтарди (ва кейинроқ бу жавобини ўчириб ташлади).

Актам Ҳайитов.

Фото: Мадина Нурман/«Дарё»

Адлия вазири Русланбек Давлетов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев лицензия ва рухсатномалар сонини икки-уч мартага қисқартиришни топширганини маълум қилди.

Давлат ҳар бир соҳада ўзининг иштирок этиш чегараларини белгилаб олиши керак. Ушбу фаолиятни тартибга солувчи қонун 20 йил олдин қабул қилинган. Шунинг учун бизга ягона ҳужжат — лицензиялаш ва рухсат бериш тизимини комплекс тартибга солиш бўйича алоҳида кодексни ишлаб чиқиш топширилди.

Адлия вазири Русланбек Давлетов

Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова ҳалоллик вакцинаси нафақат прокурорларга, балки барча давлат хизматчиларига кераклиги ҳақида гапирди.

Шахсан айта оламан, прокурорларнинг 90 фоизининг муомаласи яхши. Ишингиз тушиб борганингиздан кетгунингизгача қўли кўксида хизматингизда туради. Тўғри, 10 фоиз прокурорлар борки, бутун соҳа имижига салбий таъсир қилмоқда. Ҳалоллик вакцинаси нафақат прокурорларга, балки барча давлат хизматчиларига керак. Чунки коррупция ҳолати давлат бюджети билан муносабатга киришиш жараёнида вужудга келади.

Светлана Ортиқова, бош прокурор ўринбосари 

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими мамлакат фуқароси М.К. қўлга олингани тўғрисида ОАВда тарқалган хабарларни тасдиқлади. У фарзандини Москва шаҳри метроси бекатларидан бири яқинида қолдириб кетган эди. Ҳозирги пайтда тергов тадбирлари ўтказилмоқда.

Тайинловлар. Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари — вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи этиб Жаҳонгир Саъдуллаев тайинланди. Жаҳонгир Саъдуллаев ушбу тайинловга қадар Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев қарори билан Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи этиб Саидмурод Аминжонов тайинланди.

Наманган вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи вазифасига Мусохон Оппоқов тайинланди.  Мусохон Оппоқов мазкур тайинловга қадар Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Наманган вилояти Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи этиб Дада-Али Зуфаров тайинланди. Дада-Али Зуфаров 2018 йилдан шу кунгача Олмазор тумани прокурори вазифасида ишлаб келаётган эди.

Аввалроқ Тошкент вилоятида янги ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларига бошлиқлар тайинлангани ҳақида хабар берилганди. Тошкент вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Санжар Юсупов эса Чирчиқ шаҳрига ҳоким бўлди.

Фото: «Дарё»

Блогер Шаҳноза Соатова Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича Адлия вазирининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Лавозимга тайинлангунига қадар Шаҳноза Соатова вазирликнинг Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бошқармаси бош маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келган.

Фото: АТК матбуот хизмати

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров Ўзбекистонда 2020 йилда интернет тезлиги 10 баравар оширилишини маълум қилди. Окей.

Фото: «Дарё»

Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Каспий денгиздан ҳаракатланаётган Жанубий Каспий циклони кириб келиши сабаб республикада дам олиш кунлари яна ёмғир ёғиши мумкин, демоқда «Ўзгидромет» мутахассислари.

Жаҳонда-чи?

АҚШ разведка хизматлари ходимлари Конгресснинг Вакиллар палатаси разведка бўйича қўмитасига Россия Дональд Трампнинг қайта президент этиб сайланишига кўмаклашиш мақсадида Америка сайлов кампаниясига аралаша бошлагани ҳақида маълум қилиб турган бир пайт Трампни «Россия иши»да айбланган собиқ маслаҳатчиси 40 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинди — у ёлғон кўрсатмалар берганликда, гувоҳларга босим ўтказишда ва Конгресс терговига тўсқинлик қилишда айбдор деб топилган.

Фото: DML News

Сурия қуролли мухолифати Идлиб жануби-шарқида ҳукумат қўшинларига ҳужум уюштирди. Ҳужум Туркия армияси қўллаб-қувватлаши остида амалга оширилган. Сурия ҳукумат қўшинларига мўътадил мухолифот жангарилари ҳужум амалга оширгани билдирилмоқда. Суриянинг Идлибида нималар содир бўлмоқда ўзи? Воқеалар фоторепортажини кўринг.

Мавзуга доир: Фоторепортаж: Суриянинг Идлиб вилоятида нималар содир бўлмоқда?

Эфиопияга узоқ йиллар давомида йўқолган деб ҳисоблаб келинган тож қайтарилди. Бебаҳо ёдгорлик — XVIII асрга мансуб литургик тож ҳисобланади.

Фото: The Office of Prime Minister Abiy Ahmed/AP/Scanpix/LETA

Ўзбекистонда яна нима янгиликлар? Тошкентда ерусти метро йўли тагидаги жойлар тадбиркорларга таклиф қилинди. Одил Аҳмедов қиз фарзандли бўлди. Қизалоқ Аҳмедовлар оиласида тўртинчи фарзанд, табриклаймиз! Payme 2019 йилда 3 миллион доллар даромад кўрди. Ўзбекистондаги яна бир хусусий бандлик агентлиги лицензияси вақтинчалик тўхтатилдиЮнусободдаги ДХХ изолятори 14 соатга ичимлик суви тармоғидан узилади. Тошкентнинг чиқиндилари билан Сингапур компанияси шуғулланиши мумкин. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган 78 турдаги ўсимликлар рўйхати тасдиқланди. Бухоро вилоятидаги йўллари абгор, ичимлик суви муаммоси бор ҳудуд танқид қилинди. Ўзбекистонда лицензия асосида мустақил ҳамширалик фаолияти билан шуғулланишга рухсат бериш таклиф этилдиЎзбекистондаги газ йўқ ҳудудларда электр энергияси учун тўловни камайтириш таклиф этилмоқда. «Туркманэнерго»даги носозлик сабаб Ўзбекистонга етказиладиган электр энергияси кескин камайди, кейинроқ носозлик бартараф этилиб, Ўзбекистонга электр энергиясини етказиш тикланди.

Жиноятлар. Наманганда турмуш ўртоғини рашк қилиб, қўшнисига уч марта пичоқ урган шахс қўлга олинди. Тошкентда 235 минг долларни «ухлатган» фирибгарлар ушланди. Қозоғистонлик блогердан гиёҳванд моддаларини сотиб олиб, оёқ кийим пошнасида Ўзбекистонга олиб кириш билан шуғулланган эр-хотин ушланди.

Ўқишни қатъий тавсия қиламиз: «Американинг ирқчилик муаммосини ҳал қиладиган ягона дин исломдир». Қора танлилар ҳуқуқлари курашчиси Малкольм Х