Жанубий Кореяда янги коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 204 та ҳолат аниқланди. Мамлакат касалланиш кўлами бўйича Хитой (у ерда 75 мингдан ортиқ киши касалланган) ва Япониядан (у ерда 700 дан зиёд коронавирус бемори бор) сўнг эпидемиянинг жаҳондаги учинчи энг йирик ўчоғига айланди. Ҳафта бошида ҳам Жанубий Кореяда янги вирус билан хасталанганлар сони 30 кишидан камроқ эди, аммо пайшанба куни уларнинг сони 100 кишига етди, жума куни эса 200 кишидан ошиб кетди. Бугун пойтахт Сеулдан 300 километр масофада жойлашган ва 2,4 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Тегу шаҳри COVID-19 нинг бош ўчоғига айланган, деб ёзади Meduza.

Тегудаги Синчонжи черкови биносига санитар ишлов берилмоқда, 2020 йил, 19 февраль.

Фото: AFP

Жанубий Корея расмийлари 204 та касалланиш ҳолатидан камида 144 тасини насронийларнинг Синчонжи диний ташкилоти билан боғлиқ, деб ҳисобламоқда. Ташкилотга 1984 йилда ўзини Исо Масиҳнинг инъикоси деб ҳисоблайдиган корейс руҳонийси Ли Ман Хи асос солган. Ушбу секта жаҳоннинг турли мамлакатларида 200 мингдан ортиқ издошга эга. Таъкидланишича, Синчонжи аъзолари касалликларга бефарқ; улар ҳаётнинг абадийлигига ишонади ва инсон хасталаниб вафот этса, бу унинг эътиқоди кучсизлигидан, деб ҳисоблайди.

Тегудаги коронавирус тарқатувчиси сифатида Синчонжи сектаси аъзоси ҳисобланган 61 ёшли аёл кўрсатилмоқда. Унда касаллик аломатлари 10 февралдаёқ пайдо бўлган, бироқ, хабар беришларича, у вирус бор-йўқлигини аниқлаб берувчи тестдан ўтишни икки марта рад этган ва бу қарорини хорижга чиқмагани билан изоҳлаган. Аёлда COVID-19 нинг борлиги аниқлангунига қадар, у камида иккита якшанба ибодатида қатнашишга улгурган. Хабар беришларича, бу аёл коронавирусни юқтириб олгани тасдиқланган Жанубий Кореядаги 31-одам бўлди, айни вақтда у ушбу вируснинг мамлакатдаги энг машҳур тарқатувчиси ҳамдир. Касаллик унга кимдан юққани ҳозирча айтилмаяпти.

Синчонжининг охирги якшанбалардаги ибодатларида бу аёл билан бирга яна мингдан ортиқ одам қатнашган. Уларнинг барчасидан ўзаро мулоқотни тўхтатиш сўралган, коронавирусга текшириш бошланган. Сектанинг 544 аъзоси ўзида касаллик белгилари борлигини билдирган. Синчонжи Тегудаги жамоат фаолиятини, ибодатлар ва йиғинларни тўхтатган ва узр сўраб, ташкилот аъзоси ўзини бор-йўғи шамоллаган деб ўйлаганини таъкидлаган. Синчонжининг асосчиси эса бўлаётган воқеаларни «шайтоннинг кирдикорлари» деб атаб, издошларини бирга йиғилмасликка ва расмийларнинг кўрсатмаларига бўйсунишга чақирган.

Коронавирус тарқалиб кетгани боис, катталиги бўйича Жанубий Кореянинг тўртинчи шаҳри ҳисобланган Тегу «алоҳида эътибордаги ҳудуд» деб эълон қилинган. У ерга қўшимча шифокорлар, койкалар ва тиббиёт ускуналари юборилган. Тегу мери вазиятни «беқиёс инқироз» деб таърифлади, аҳолини ортиқча заруратсиз кўчага чиқмасликка чақирган. Касалхоналарда зотилжамга чалинган барча беморлар текширилмоқда, болалар боғчалари ва кутубхоналар ёпилган, кексаларга ёрдам кўрсатиш марказларида назорат кучайтирилган, ҳарбий қисмларга кириш-чиқиш чекланган. Шаҳар аҳолиси Тегу иккинчи Уханга айланиши мумкинлигидан хавотирда (Хитой коронавируси айнан Хитойнинг Ухань шаҳридан тарқала бошланган эди).

Тегудан ташқари унга қўшни кичикроқ — Чхондо шаҳри ҳам «алоҳида эътибордаги ҳудуд» деб эълон қилинган. Маҳаллий касалхонада коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 16 та ҳолат аниқланган, беморлардан бири вафот этган (бу Жанубий Кореяда янги вирусдан вафот этиш билан боғлиқ икки ҳолатдан дастлабкиси эди). Расмийлар коронавирус инфекциясининг ушбу ўчоғига Тегудаги «31-бемор»нинг қанчалик алоқадорлигини текширмоқда. Аввалроқ бу аёл Синчонжининг бошқа аъзолари билан бирга февраль ойи бошида секта асосчиси акасининг дафн маросимида қатнашиш учун Чхондодаги касалхонага келиб кетгани айтилган эди. Бироқ кейинроқ расмийлар бу хабарларга аниқлик киритиб, аёл ҳақиқатан ҳам Чхондода бўлгани, бироқ касалхонага бормаганини маълум қилди.