Ўзбекистонда нима гап?

Ўзбекистон Ҳарбий судида 25 февраль, сешанба куни, Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган Ўзбекистон собиқ бош прокурори Отабек Муродов ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва унинг ўринбосари Жаҳонгир Эгамовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

«Отабек Муродовга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, суд ҳукмига кўра, Ихтиёр Абдуллаевга 19 йил, Жаҳонгир Эгамовга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди», — дейилади Олий суд ахборотида.

Отабек Муродов (архив).

Фото: «Дарё»/Мадина Нурман

Ҳукуматдаги рокировкалар. Молия вазири Жамшид Қўчқоров иқтисодиёт ва саноат вазири бўлди. Унинг ўрнига молия вазири этиб Тимур Ишметов тайинланди. Тимур Ишметовнинг ўрнига Омонулла Насриддинхўжаев молия вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Жамшид Қўчқоров.

Фото: «Дарё»

Жамшид Қўчқоров шу кунга қадар иқтисодиёт ва саноат вазири лавозимида ишлаб келган Ботир Хўжаев ўрнига тайинланган, Ботир Хўжаев эса бош вазир маслаҳатчиси лавозимига тайинланган. У ҳукумат раҳбарига саноат ва кооперациялар бўйича маслаҳатчи бўлади. Нодир Отажонов эса бош вазир маслаҳатчиси лавозимидан озод этилиб, «Ўзагротехсаноат» ташкилотидаги раҳбарлик лавозимини сақлаб қолган.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев айни пайтда ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Шу кунгача ушбу лавозимда ишлаб келган Илҳом Неъматов вазир ўринбосари сифатида лавозимини сақлаб қолди.

Ўзбекистонда 1 мартдан бошлаб нималар ўзгаради? Қурилиш соҳасидаги айрим ходимларнинг маоши ошади, лимонзорларни барпо этишнинг янги тартиби жорий этилади, ер ажратиш ҳақидаги ҳужжатлар ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилади ва айрим ҳудудларда кадастр паспортининг янги намунаси жорий этилади. Хуллас, Ўзбекистонда 2020 йил 1 мартдан бошлаб кучга кирадиган ўзгаришларнинг эслатмаси

Фото: «Дарё»

Март ойида иккита байрам бор — Халқаро хотин-қизлар куни ҳамда Наврўз  байрами. Хўш, ўзбекистонликлар март ойида неча кун дам олади? 8 март куни ўзбекистонликлар дам олмайди, чунки байрам якшанба кунига тўғри келмоқда, бироқ Наврўз байрами арафасида 3 кун кетма-кет дам олиш имкони бор.

Президент Шавкат Мирзиёев 25 февраль, сешанба куни, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича галдаги муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Шавкат Мирзиёев эски тиббиёт коллежлари ўрнида Ибн Сино мактабларини ташкил этишни таклиф қилди. «Эскича услубда қолиб кетган тиббиёт коллежлари ўрнида Ибн Сино мактаблари ташкил этиб, дарс ва амалиётни замон талаблари асосида ўтиш зарурлиги таъкидланган», — дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев  24 февраль, душанба куни, Япония ва Жанубий Корея билан иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берилганди.

2018 йилда АҚШ президенти Дональд Трампнинг оиласи ва администрациянинг юқори мартабали вакиллари хорижий давлат раҳбарларидан умумий қиймати 88 420 долларлик совғаларни қабул қилиб олган. Хусусан, Мелания Трамп Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдан 4200 долларлик чойшаб, шунингдек, Трамп эса 2950 долларга баҳоланган «Регистон» мажмуасининг кумуш нусхасини совға тариқасида қабул қилган. АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Шавкат Мирзиёевдан 1580 долларлик ёғоч стол ва стуллар жамланмасини қабул қилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 26 февраль куни кучли ёмғир ёғиши мумкин. «Ўзгидромет» 26 февраль, чоршанба куни, кутилаётган об-ҳаво маълумотини эълон қилди. Душанба, 24 февраль куни, Ўзбекистонда ҳафта ўртасида қор ёғиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Андижондаги «газ заправка»да Nexia портлади. Маълум қилинишича, автомобиль суюлтирилган метан газ қуйиш шохобчасида газ қуйилаётганда портлаган.

Анвар Санаев — антиқа «запрет»ларга тушиш бўйича рекордчи: биринчи беш йиллик «запрет» амалдорнинг тўйи билан боғлиқ эди, иккинчи — уч йиллик «запрет»га Юлдуз Усмонова сабаб бўлган.

Коронавирус сабаб Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулоти — олтиннинг нархи рекорд даражада кўтарилди. Олтиннинг бир унсияси нархи 2,74 фоизга қимматлашиб, 1689 долларга етди. Бу 2013 йилдан буён энг юқори натижа ҳисобланади. Нарх ўсишига коронавируснинг Хитойдан ташқарида кенг тарқалаётгани сабаб бўлди.

Ўзбекистонда яна нима янгиликлар? Тошкентда эмизикли боласи бор аёлни урган руҳий хаста эркак қўлга олинди. ДТМ ИИВ ходимлари фарзандларига ОТМлар имтиҳонларида бериладиган имтиёзлар ҳақида маълумот берди. Самарқанд ва Жиззахда қуёш электр станциялари қурилиши бўйича тендер эълон қилинди. Ўзбекистон аэропортлари самолётларга хизмат кўрсатиш ставкаларини пасайтиради. Тошкент вилоятида сохта купюраларни муомалага киритмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Хивада 400 доллар пора сўраган кадастр ходими қўлга олинган бўлса, Шовотда бандликка кўмаклашиш маркази директори пора олаётганида қўлга тушди. Каттақўрғонда эр боласини кўрсатмаган собиқ турмуш ўртоғини пичоқлаб ўлдирди. Ҳокимларнинг 90 фоизи профилактик кўрикдан ўтмаслиги маълум бўлди. Тўй-маросимлар ўтказиш тартибини бузганлар қанча жарима тўлаши маълум бўлди.

Жаҳонда нима янгиликлар?

Миллиардер ва Berkshire Hathaway бош директори Уоррен Баффетт CNBC телеканалига берган интервьюсида Apple’ни дунёдаги энг яхши бизнес деб атади. «У ақл бовар қилмайдиган компания. Мен унга аввалроқ баҳо беришим керак эди», — деган Уоррен Баффетт.

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида милиция ходимлари ва Миллий хавфсизлик қўмитаси Қозоғистон—Ўзбекистон чегарасидаги «Қоплонбек» назорат-ўтказиш пунктида товламачилик билан шуғулланган «Сариағашликлар» уюшган жиноий гуруҳини қўлга олди. Жиноий гуруҳ Қозоғистон чегарасида Ўзбекистонга ўтиш учун пул ундириш билан шуғулланган.

Фото: «Politsia.kz»

Германияда номаълум киши автомобилда карнавал иштирокчиларининг устига бостириб кирди. Босиб бориш қасддан амалга оширилган, деб ҳисобламоқда Гессен федерал ери полицияси. Бироқ полиция ҳолатни теракт деб ҳисобламаяпти.

WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж Лондон Қироллик судида 24 февралдан маҳкумни АҚШга экстрадиция қилиш бўйича эшитув бошланган.

Жаҳонда яна нима янгиликлар? Колумбия парламенти президентни коррупцияда гумон қилиб, унга қарши тергов бошлади. Трамп АҚШ разведкаси ва демократларни фирибгарликда айблади. Мисрни 30 йил бошқарган Ҳусни Муборак вафот этди. АҚШ Афғонистон президентининг инаугурациясини кечиктириб туришни илтимос қилмоқда. Японияда Ер юзидаги энг кекса эркак — Титэцу Ватанабэ вафот этди.

Хитой коронавируси

Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси мамлакатда ўтган бир сутка давомида COVID-19 коронавируси оқибатида вафот этганлар 71 кишини (уларнинг аксарияти Хубэй провинциясидан) ташкил этиб, жами вафот этганлар сони 2663 кишига етганини маълум қилди. Қайд қилинишича, Хитойда 24 февраль куни вирусни юқтириб олиш бўйича 508 та ҳолат аниқланган, 2589 киши даволанишга муваффақ бўлгани айтилмоқда.

Фото: Reuters

Бугунга келиб, инфекциядан жами 27 230 киши даволанишга муваффақ бўлган, бутун Хитой бўйлаб 641 минг одам текширувлардан ўтказилган бўлиб, касалликка чалинганлар 77 мингдан ортиқ одамни ташкил қилмоқда.

COVID-19 коронавируси лабораторияда ишлаб чиқарилган, деган миш-мишлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Хитойнинг Россиядаги элчиси Чжан Ханьхуэй маълум қилди«Мен сизга аниқ айтаманки, у (COVID-19 коронавируси) сунъий эмас. Эҳтимол, у ёввойи ҳайвонлардан тарқалган SARS вируси (атипик пневмония эпидемиясини келтириб чиқарган вирус) каби вирусдир», — деган элчи журналистларга. Аввалроқ Хитой коронавирус лабораторияда ишлаб чиқарилган, деган миш-мишларни рад этган эди.

Хитойнинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Чжан Ханьхуэй

Фото: «ТАСС»

АҚШ эса Россия томонидан коронавирус бўйича ёлғон маълумотлар тарқатилаётганини маълум қилди. Хитой ташқи ишлар вазири вакили Чжао Лицзянь мамлакатлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги умумий хавфга қарши курашиш учун бирлашиш ва ҳамкорлик қилиши кераклиги ҳақида баёнот бериб, АҚШнинг коронавирус бўйича баёнотига муносабат билдирган. Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти Россия билан боғлиқ минглаб аккаунтлар ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумотлар берибкоронавирус тарқалиши ортида АҚШ тургани ҳақидаги фикрни илгари суриб, АҚШнинг обрўсига путур етказаётгани ҳақида баёнот билан чиққанди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директорининг ёрдамчиси Брюс Эйлвард Хитойда амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар коронавирусга чалиниш бўйича ҳолатлар ўсиб бориш кўрсаткичининг камайишига хизмат қилиб, халқаро экспертлар ҳам тақдим этилган статистик маълумотларнинг тўғри эканини тасдиқлаб берди.

Япония ҳукумати жамоат транспортларида коронавирус тарқаш ҳолатининг олдини олиш мақсадида барча вазирлик ва идораларга имкон қадар ходимларини уйдан ишлашга ўтказиш ва уларнинг офисда бўлиш вақтини ўзгартириш вазифасини топширди.

Жанубий Корея касалликлар профилактикаси ва уларни назорат қилиш маркази мамлакатда янги турдаги COVID-19 коронавируси билан касалланиш бўйича яна 84 та ҳолат қайд этилгани ва бир киши вафот этгани ҳақаида маълумот тарқатди. Умумий ҳисобда мамлакат бўйлаб касалликка чалинганлар сони 977 кишини ташкил этмоқда, жами ўн киши вафот этган.

Озарбайжон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат пойтахти Бокуда икки киши коронавирус гумони билан касалхонага ётқизилгани, уларнинг бири Эрон фуқароси эканлиги ҳақида хабар берди.

Фото: The Iran Project

Эронда ҳам вазият оғир — мамлакат соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим вазири ўринбосари Ирож Харирчининг коронавирусга топширган тести ижобий натижа берган«Менда коронавирус аниқланганини маълум қилмоқчиман. Кечадан буён иситмам чиқаётган эди, дастлабки таҳлил менда вирус борлигини кўрсатди», — дея вазир ўринбосарининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда ILNA агентлиги. Расмий маълумотларга кўра, ҳозиргача Эронда 95 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган, улардан 15 нафари вафот этган.

Ироқда 24 февраль, душанба куни, коронавирус билан касалланиш бўйича биринчи ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда мазкур ҳолат қайд этилган Нажаф провинцияси соғлиқни сақлаш департаменти хабар бермоқда. Маълум қилинишича, касаллик диншунослик бўйича ўқиётган эронлик талабада аниқланган.

Фото:Reuters

Баҳрайн фуқаро авиацияси бошқармаси коронавирус тарқалиши шароитида Дубай халқаро аэропорти ва БААнинг Шаржа халқаро аэропортидан келадиган барча рейсларни 48 соатга тўхтатиб қўйганлигини маълум қилди.

Франция соғлиқни сақлаш вазири Оливье Веран коронавирус ташхиси қўйилган беморлар даволанишга муваффақ бўлганини маълум қилган бўлса, Канар ороллари ҳукуматининг Соғлиқни сақлаш бўйича кенгаши Испанияда коронавирус билан касалланиш бўйича яна бир ҳолат қайд этилгани ҳақида хабар берди. Аввалроқ Францияда хитойлик 80 ёшли сайёҳ оламдан ўтгани, Испанияда эса икки кишида коронавирус аниқланиб, кейинроқ иккала бемор ҳам даволанишга муваффақ бўлгани ҳақида хабар берилганди. Коронавирус сабабли «Интер» Европа Лигаси 1/16 финали жавоб ўйинини томошабинларсиз ўтказади

Дональд Трамп администрацияси коронавирусга қарши кураш учун давлат бюджетидан 1 миллиард доллар олмоқчи, Европа иттифоқи эса коронавирусга қарши кураш учун 232 миллион евро ажратадиган бўлди.

Фото: Reuters

АҚШнинг аллергия ва юқумли касалликлар миллий институти 2020 йилнинг апрель ойи охирига қадар янги коронавирус вакцинаси бўйича клиник синовларни бошлаш ниятида. Бу ҳақда ушбу институт директори Энтони Фаучи душанба куни нашр этилган The Wall Street Journal газетасига берган интервьюсида маълум қилган. Аввалроқ Хитой компанияси коронавирус инфекциясига қарши потенциал вакцина сотувга чиқишини, Хитой янги коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовларини апрель охирида бошлаши мумкинлиги хабар қилинганди.