Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси мамлакатнинг материк қисмида коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 78 минг кишидан ошиб кетгани, улардан камида 29 минг нафари даволаниб, касалхонадан чиқарилганини маълум қилди.

Шанхай темирйўл бекатида ниқоб тақиб, ёмғирпўш кийиб олган одамлар.

Фото: Reuters

Касалликни юқтириб олиш билан боғлиқ 78 064 та тасдиқланган ҳолат қайд этилган, 29 745 кишига касалхоналардан уйига жавоб берилган, вафот этганларнинг умумий сони эса 2715 кишига етган.

Янги турдаги коронавирус инфекцияси 2019 йил декабрь ойи охиридан тарқала бошланган эди. Касаллик ўчоғи Хубэй провинцияси маъмурий маркази Ухань шаҳри ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти касаллик билан боғлиқ вазиятни халқаро миқёсдаги фавқулодда ҳолат деб тан олган.

Хитой ҳукумати коронавирусга қарши курашиш учун 14,36 миллиард доллар сарфлаб юбордиМаълумотларга кўра, ҳукумат касалликка чалинганларни даволаш, бинолар ва объектларни дезинфекция қилиш, шунингдек, ҳимоя учун бошқа зарурий чораларни молиялаштиришни фаол давом эттирмоқда. Маблағлар асосан Хубэй провинциясига йўналтирилган.

Гонконг ҳукумати коронавирус сабаб ижтимоий ёрдам сифатида ҳар бир фуқаросига 1,3 минг АҚШ долларидан пул беради«Узоқ ҳисоб-китоблардан сўнг, мен Гонконгнинг 18 ёшдан катта бўлган барча аҳолиси истеъмолини рағбатлантириш ва уларнинг молиявий юкини енгиллаштириш учун 10 минг гонконг долларидан маблағ ажратишга қарор қилдим», — дейди Хитойнинг махсус маъмурий вилояти молия вазири.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний душманларнинг мамлакатда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятдан фойдаланишга уринаётганини таъкидлади. Руҳонийга кўра, Эрон коронавирус тарқалиши устидан назорат ўрнатишга яқин турибди, мамлакатнинг ташқи душманлари эса пайтдан фойдаланиб одамлар орасида ваҳима кўтаришга уринмоқда. Аввалроқ Эрон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ирож Харирчининг коронавирусга топширган тести ижобий натижа бергани ҳақида хабар берилганди. Маълумотларга кўра, ҳозиргача Эронда 95 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган, уларнинг 15 нафари вафот этган.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний.

Фото: Al-Arabiya

Туркия соғлиқни сақлаш вазири Turkish Airlines авиакомпаниясининг Теҳрондан Истанбулга рейс амалга оширган самолётида бир нечта йўловчида коронавирус борлиги гумон қилинганлиги сабаб улар Анқарага жўнатилганини маълум қилди. Самолётнинг 17 нафар йўловчисида коронавирус борлиги гумон қилинмоқда, 132 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари икки ҳафта давомида карантинга жойлаштирилган.

Испаниянинг Тенерифе оролида жойлашган ва ичида тахминан минг киши бўлган H10 Costa Adeje Palace меҳмонхонаси соғлиқни сақлаш ходимлари томонидан изоляция қилинди. 24 февраль, душанба куни, меҳмонхонада яшаётган италияликда коронавирус аниқланган. Испания расмийлари касалланган эркак билан алоқада бўлганларни текширмоқда. Аввалроқ Испанияда уч кишида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.

Фото: AP Photo

Италия бош вазири Жузеппе Конте мамлакат шимолида тарқалган коронавирус инфекциясига қарши амалга оширилган чора-тадбирлар яқин кунларда ўз самарасини беришига ишонишини маълум қилди. Апеннин ярим оролида 25 февраль ҳолатига кўра, коронавирусга йўлиққан беморлар сони 280 нафардан ошиб кетиб, етти нафар фуқаро вафот этгани қайд қилинган.

Австриянинг Тироль федерал штатида коронавирус билан зарарланиш бўйича дастлабки иккита ҳолат қайд этилди. Австриянинг Инсбрук шаҳрида истиқомат қилувчи Ломбардиядан келган 24 ёшли икки нафар италиялик коронавирус билан касалланган. Аввалроқ Италия поездларининг йўловчилари коронавирусга текширилгандан кейингина Австрия чегарасидан ўтишга рухсат берилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги 25 февраль куни берган маълумотларига кўра, мамлакатга кириб келган барча йўловчилар термометриядан ўтказилган ҳамда инфекциясига текширилган жами 1225 та намунада коронавирус аниқланмаган.

Фото: ССВ матбуот хизмати

Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистонда коронавирус тарқалишига йўл қўймасликка чақирди. Туркманбоши йиғилиш ўтказиб, унда мамлакат фуқароларининг сайёҳлик, маданий, спорт ва бошқа мақсадлар учун чет элга ташрифларини назорат қилишни, шунингдек, мамлакатга кирувчи фуқароларни текшириш вазифасини топширди. Аввалроқ Туркманистонда коронавирусдан бир киши вафот этгани, марҳум ҳақидаги маълумотлар қатъий сир сақланаётгани ҳақида хабар берилганди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмийси Брюс Эйлворд Хитойдан ташқарида авж олаётган коронавируснинг тарқалишига ҳеч ким тайёр бўлмаганини маълум қилди. «Вируснинг янада кенг кўламда тарқалишини назорат қилишга тайёр бўлишингиз керак ва бу тезда амалга оширилиши лозим», — дейди Эйлворд.

УЕФА вице-президенти Мишель Ува футбол бўйича Евро—2020 мусобақаси коронавирус сабаб бекор қилиниши ёки бошқа муддатга кўчирилиши мумкинлиги ҳақида ўз фикрларини билдирган. «Ҳозирда вазият қандай тус олишини кузатяпмиз. Футбол мамлакатдаги вазиятга мос бўлиши керак. Биз мусобақани тўхтатмасликка ҳаракат қиламиз. Бироқ вазият ёмонлашадиган бўлса, мусобақа тўхтатилади», — дейди Ува.

Фото: «Scoopnest.com»

Аввалроқ коронавирус сабаб «Интер» Европа Лигаси 1/16 финали жавоб ўйинини томошабинларсиз ўтказиши ҳақида хабар берилганди.

Жаҳоннинг 500 нафар энг бой кишиси 24 февраль, душанба куни, 139 миллиард доллар йўқотди. Бунга коронавируснинг жаҳон иқтисодиётига салбий таъсири ҳақидаги янги хавотирлар туфайли фонд бозорларининг пасайиши сабаб бўлган.

Фото: EPA

Халқаро валюта жамғармасининг бошқарувчи директори Кристалина Георгиева Хитой коронавируси дунё бўйлаб тарқалишни давом эттирса, иқтисодий ўсиш учун узоқ давом этадиган салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини маълум қилди. «Соғлиқни сақлаш тизими кам ривожланган давлатлар учун хавф-хатарни англаб етиш вақти келди», — деди жамғарма директори.

Oxford Economics таҳлилий марказининг маълумотларига кўра, коронавируснинг тарқалиши жаҳон ЯИМнинг йўқотишлари 2020 йилда 1,1 триллион долларга етиши мумкин. Агар коронавирус сабаб келиб чиққан пневмония глобал пандемияга айланса, тахмин қилинган йўқотиш миқдори амалда юз бериши мумкин. Мазкур йўқотиш жаҳон ЯИМнинг 1,3 фоизга пасайишини англатади.

Фото: «РБК»

Forbes коронавирус сабабли Хитойда миллионлаб ўрта ва кичик компаниялар ёпилиши мумкинлиги ҳақида тахмин қилди. Қайд этилишича, мамлакатдаги бизнеслар ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлмоқда ва компаниялар жиддий йўқотишларга дуч келган. Банклар эса кредитларни тўлаш муддати ва шартларини истар-истамас қайта кўриб чиқмоқда.